Украина жорий йилнинг 1 сентябрига қадар 1,4 миллиард доллар миқдоридаги давлат ташқи қарзини тўлаши шарт. Бу ҳақда “Bloomberg” ўз ҳисоб-китобларига таяниб, хабар берди.
“Украинанинг 1 сентябргача вақти бор, у 1,4 миллиард доллар миқдоридаги қарзни, жумладан фоизларни ҳам тўлаши керак”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Киев муаммони ҳал қилишнинг бир неча вариантини кўриб чиқмоқда. Бир вариантга кўра, эмитент облигация эгасидан чиқарилган қимматли қоғозлар шартларини ўзгартиришни сўрайди. Бошқа сценарий гаров сифатида музлатилган Россия активларидан фойдаланишни ўз ичига олади.
Нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, бундай ташаббуснинг қонунийлиги ноаниқлигича қолмоқда.
«Муаммонинг ечимини ёз охиригача кутмаслик керак», дея уларнинг сўзларини келтиради нашр.
Аввалроқ, Олий Радага Владимир Зеленский Украинанинг давлат ташқи қарзини ҳисобдан чиқариш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш талаби билан мурожаат қилган эди. Тушунтириш хатида мамлакатнинг ташқи қарзи 56,83 млрд эканлиги келтирилган. Жорий йил охиригача 3,4 миллиард доллар тўланиши керак.
Шу билан бирга, Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг ойлик бюджети тақчиллигини 7 миллиард еврога баҳолади, бу эса маошлар, пенсиялар ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши керак . У “Катта еттилик” мамлакатлари раҳбарларидан Киевга 50 миллиард доллар ажратишни сўради.
Май ойи ўрталарида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украинага давлат қарзини камайтириш учун ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. Ҳужжатда айтилишича, АҚШнинг “ҳар бир халқаро молия институтидаги” вакиллари Киевга тегишли “қарз хизмати бўйича барча тўловларни зудлик билан тўхтатиб қўйишни” талаб қилишлари керак. Қонун лойиҳасида, АҚШ Молия вазирлигининг тижорат ташкилотлари ҳамда бошқа мамлакатлар ҳукуматларидан “Украина учун қарздан халос бўлишни” талаб қилиш ҳаракатлари ҳам киритилган.