Европада газ нархи ҳар минг куб метр учун 1800 доллардан ошди, бу март ойидан бери биринчи марта рекорд даражадаги ўсишдир. Буни Лондон ICE фонд биржаси маълумотлари тасдиқлайди.
Кеча, 4 июль кунги савдолар чоғида Нидерландиядаги TTF марказида август фючерс шартномаси минг куб метр учун 1804,3 долларгача кўтарилди. Умуман олганда, кун давомида ўсиш 13 фоизни ташкил этмоқда.
Маълумот учун, март ойи бошида газ нархи Россия энергетика ресурслари импортига тақиқ қўйилиши эҳтимоли сабаб тўрт кун кетма-кет тарихий энг юқори даражага етди. Рекорд 7 март куни ўрнатилди – 3892 доллар, ўша кундаги тахминий нарх минг куб метр учун 2560,7 долларни ташкил этди.
Аммо кейин котировкалар барқарор пасайиш босқичига ўтди ва 6 июнь куни уч ой ичида биринчи марта газ нарзи минг куб метр учун 900 доллардан пастга тушди.
Нарх ўсиши омиллари
Европада газ нархи Европа Иттифоқига энг йирик газ етказиб берувчилардан бири бўлган Норвегияда нефть ва газ саноати ходимларининг 5 июль куни иш ташлаши режалаштирилгани ҳақидаги хабарлар фонида кўтарилмоқда. 3 июль куни Норвегия нефть ассоциацияси мамлакатдаги бир қатор денгиз конлари иш ташлаш туфайли ёпилишини, бунинг натижасида газ қазиб олиш суткасига 292 минг баррель нефть эквивалентига ёки умумий ишлаб чиқаришнинг 13 фоизига қисқаришини эълон қилди.
Бундан ташқари, газ нархига бошқа бир қатор омиллар ҳам таъсир ўтказяпти. Хусусан, Американинг Freeport LNG компанияси июнь ойидаги ёнғин ва портлашдан сўнг йирик газ терминали ишини фақат октябрь ойи бошида қисман тиклашни режалаштираётганини маълум қилди. Freeport LNG корхоналарининг қуввати йилига 15 миллион тонна LNG деб баҳоланади. Бу АҚШ экспортининг тахминан 16 фоизини ташкил қилади.
Шунингдек, “Газпром” Германияга “Шимолий оқим” қувури орқали газ етказиб беришни турбина таъмиридан қайтиш кечикиши сабабли қисқартириши кераклигини эълон қилганидан кейин бошланди. Ҳозирда турбина Канададаги “Siemens” компаниясининг таъмирлаш устахонасида. Оттава санкциялари туфайли компания уни Россияга қайтара олмайди.
15 июнь куни “Газпром” Портовая компрессор станциясида яна бир газ турбинали двигателни ишдан чиқаришга мажбур бўлганини эълон қилди. Натижада Европага газ етказиб бериш умумий ҳисобда 60 фоизга камайди.