Ўзбекистоннинг барча ҳудудида йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш мумкин. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирга келиб, Ўзбекистон шароитида аҳолиси йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш хавфи бўлмаган ҳудуд йўқ, негаки республиканинг шу кунгача ўрганилган барча ҳудудларида аҳоли рационида йод танқислиги мавжудлиги кузатилган.
Aкадемик, Я.Х.Тўрақулов номидаги Эндокринология РИИАТМ томонидан республиканинг барча ҳудудларида олиб борилган тадқиқотларга кўра, фуқаролар томонидан кунлик ўртача йод истеъмоли сезиларли даражада камайган бўлиб, бор-йўғи 32-64 мкг ни ташкил этади. Зарур бўлган минимал миқдори эса – 150-200 мкг га тенгдир.
ЖССТ фикрига кўра эндемик буқоқнинг спорадик шакллари 5 фоизга камайишига эришилса, у ҳолда ЙТК тўлиқ бартараф қилинган ҳисоблансада, Ўзбекистонда бугунги кунда йод танқислиги оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда.
«Йод танқислиги туғма гипотиреоз билан касалланиш даражасини оширади, ҳомила ва янги туғилган чақалоқларда миянинг қайтарилмас шикастланишига, ақлий заифликка олиб келади. ЖССТ экспертларининг фикрича, йод танқислиги ақлий заифликнинг энг кенг тарқалган сабаби бўлиб, фақат оқилона ёндашиш орқали унинг олдини олиш мумкин. Aммо унутмаслик керакки, йод танқислиги мавжуд бўлган ҳудудларда яшовчи барча аҳолининг интеллектуал салоҳияти пасайиши бу муқаррар ҳисобланади», — дейди Нурмат Отабеков.