“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури ижросида камчиликка йўл қўйган 600дан ортиқ масъул шахс жавобгарликка тортилди, 61та жиноят иши қўзғатилди.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура бўлим катта прокурори Фаррух Султонов маълум қилди.
Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигидаги Республика штаби томонидан Инвестиция дастуридаги 2.413 та, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги 676 та ва “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастурларидаги 11.427 та лойиҳанинг ҳар бири мониторингга олинган.
Дастурлар ижросида камчиликка йўл қўйган ва ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 252 нафар масъуллар интизомий ва 359 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қурилиш соҳасида қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 61 та жиноят ишлари қўзғатилди. 880 нафар фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилди.