Сўнги кунларда президент мактабларига қабул, тест жараёнларидаги камчиликлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Президент мактабларининг ташкил этилиши маъқул иш бўлди дейилган эди, иқтидорлиларга алоҳида эътибор қаратиш яхши.Аммо ўша иқтидорлиларни саралаш босқичларига ким жавобгар?
“Икки кун олдин Президент мактаблари учун математикадан дастлабки (саралаш) тест синовларига олиб бордик. У ердаги ота-оналар билан суҳбатлашиб, ишқилиб ўғлимизни қийнаб қўймадикмикан, етарли балл тўплай олмаса, кўнгли чўкиб қолмасмикан, деган фикр ўтди кўнглимдан. Чунки аксарият ота-оналар болаларини тест синовларига тайёрлайдиган махсус курсларда ўқитишган экан. Ойига 3-4 миллиондан тўлашганини айтишди. Махсус тестларни ойлаб ёдлатишган ўқитувчилар. Ўша жойда ҳам юрибди Шерзод дегани ҳали унга, ҳали бунга телефон қилиб, кўп ота-оналар уни танияпти. Бир йиллик бозорда ишлаб топганимни шу боламга сарфладим, дейди бир аёл. Унинг айтишича, ўша Шерзод саралашдан ўтиб олишига «гарантия» берибди”.
«Энг шармандали холат шуки, болалар тест саволномани очишса, баъзи жавоблари қаламда белгиланган ва ўчирилиб-ўчирилмаган жавобларни кўради. Вазият шуки, Агентлик битта тестни икки синфларга беришади ва хатто шуни қайта чиқаришга ҳам эринади: кеча ҳамма ечган савол китобларини шундоқлигича бериб қўяқолишади. Ўша ердаёқ кечаси билан кеча тушган тестларни ёдлатиб чиққан ўқув марказларнинг ўқувчиларининг ўзаро суҳбатини эшитдим: саволни бир қаторини ўқибоқ жавобни белгилаб кетавердим, кеча биз кўрган тестлар шундоқ тушиб берди, демоқда хурсандчиликдан ўзига сиғмаган ўқувчи, нарироқда эса ҳеч нимадан беҳабар, тўсатдан ўша тестларни ўз кучи билан ечган ўқувчилар эса саволлар узун ва битта тестга 45 секундгина берилганидан ечишга улгуролмаганидан йиғлаб ўтирибди».
Бу каби арзи-ҳолларнинг сон-саноғи йўқ. Кимдир жавоблар тарқалиб кетаётганидан норози бўлса, кимдир ўзи бир соатгина вақт берилгани, шундан 15 дақиқа ўтиб кетса ҳам болаларга тестни ишлашга рухсат берилмаётганидан норози.
Репититорга бориб, 3-4 миллионга мактабга кириш учун тайёрланаётган болалар ҳам тест тизимининг мукаммал эмаслигидан ноҳақликка учраяпти.
Таълим ҳаддан ортиқ элитарлашяпти. Хусусий мактаблар кўпайгандан кўпайиб боряпти,табақаланиш бошланган. Масалан, Тошкентда ойига ҳатто 2-3 миллион сўм бериб, хусусий мактабда боласини ўқитаётган одамларни биламан. Негаки у ерларда шароит ҳам, таълим сифати ҳам бошқаларга қараганда анча яхши.
Давлат бошланғиш таълим билан таъминлашни ўз зиммасига олган экан, уни доимо барча учун тенг таъминлашга ҳаракат қилиши зарур. Чунки келиб чиқиши қандай бўлишидан қатъи назар кўпроқ болаларнинг яхшироқ таълимга эга бўлиши уларнинг келажакдаги даромад даражаси қандай бўлишида албатта муҳум рол ўйнайди.
Аммо мамлакатимизда умуман тескари тенденция кузатилмоқда. Яъни ҳукумат таълимни тенгсизлаштиришда ўзи бош қош бўлмоқда. Масалан, қайсидир ҳудудларда болалар қишда совуқ мактабларда ўқиса(ёки ортиқча синфларда), президент мактабларида болалар бошқа ҳеч қайси мактабларда мавжуд бўлмаган шарт шароитлар билан таъминлаган. Яъни қайсидир, мактаблар ҳатто минимум стандартлар билан таъминланмаганлигига қарамасдан, қайсидир мактабларда барча шароитлар муҳайё, аслида иккала турдаги мактабларга ҳам солиқ тўловчиларнинг пули сарфланган. Ўша мактабларга сарфланаётган пулларни мактаблардаги шароитларни тенглаштиришга сарфлаш тўғрироқ йўл бўлар эди.
Саъдулло қизи