Ўзбекистон ва Қозоғистонни боғлайдиган «Малик» (Қозоғистон томонидан — «Сирдарё») ва «Оқолтин» (Қозоғистон томонидан — «Целинный») чегара божхона пунктлари фаолияти 12 июль кунидан бошлаб қайта тикланди.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу пунктлар фақат куннинг ёруғ вақтида фаолият олиб бориб, улар орқали енгил турдаги автотранспорт воситалари ва фуқаролар божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Малик» ва «Оқолтин» чегара божхона пунктлари фаолияти пандемия сабабли 2020 йил март ойидан бошлаб вақтинча тўхтатилган эди.