Рай шаҳрида ҳукмронлик қилган Фахруддавланинг Саййида исмли аёли бор эди. Фахруддавланинг вақт-соати етиб ўлганда унинг ўғли Маждуддавла ҳали ёш бола эди.
Унга шоҳ унвонини бердилар-у ҳокимиятни Сайиида бошқара бошлади. Саййида оқила, давлат ишларида моҳир ҳукмдор бўлди. Ўғли вояга етгач ҳам ўғли отасига тортмагани, давлат ишларига бефарқлиги учун ўттиз бир йил ҳокимиятни бошқарди.
Бир куни Маҳмуд ибн Сабуктегин унга нома ёзиб, ундан номига хутба ўқитиш, солиқ тўлаш ва танга зарб қилиш ҳақида буйруқ берди. Акс ҳолда, Рай шаҳрини вайрон қилишини айтди.
Саййида Маҳмуднинг элчиларига шундай жавоб берди: «Султон Маҳмудга айтингларки, эрим тириклигида Маҳмуднинг Райга ҳужум қилишидан хавотирда эдим. Эрим ўлгандан сўнг эса бу ташвиш дилимдан кетди. Мен ўзимга ўзим “султон Маҳмуд ақлли шоҳ, у мендек аёл билан жанг қилмайди.
Чунки урушда албатта бир қўшин ғалаба қилади. Агар мен ғалаба қилсам, бутун дунё султон Маҳмуд аёл кишидан мағлуб бўлди, дейди. Менга атаб қасидалар битадилар. Агар султон ютса, бир аёлни мағлуб этган бўлади, холос». Худди шу бир оғиз гап учун султон Маҳмуд Райга ўлгунича ҳужум қилмади.
Ёқуб Умар таржимаси