Адлия вазирлиги ОТМларда битирувчилардан “обходной” тўлдириш ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Айрим олий таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида белгиланган талаблар бажарилмаётганлигини ҳамда Фармон талабига зид равишда аҳолидан ортиқча ва асоссиз ҳужжатлар талаб қилинаётганлигини кўрсатди. Адлия вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

«Жорий йилнинг 11 июль куни “kun.uz” сайтида эълон қилинган “Енгилмас бюрократия: ОТМларда битирувчилардан “обходной” тўлдириш талаб қилинмоқда” номли мақолада айрим олийгоҳларда битирувчилардан “айланма варақа” тўлдириш талаб этилаётганлиги, жараённи рақамлаштириш топшириғи бажарилмаганлиги, талабалар эшикма-эшик сарсон бўлаётганлиги эълон қилинган.

Олий таълим муассасаларининг талаблардан “айланма варақа”ни барчадан бирдек “қоғоз шаклда” тўлдириб келишни талаб қилиши нотўғри ва Фармон талабларига номувофиқ ҳисобланади.

Адлия вазирлиги томонидан мазкур ҳолатлар таҳлил қилиниб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–6191-сон Фармонида белгиланган талаблар айрим олий таълим муассасалари томонидан бажарилмаётганлигини кўрсатиб, қисқа муддатда Фармонда юклатилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, бу бўйича барча давлат олий таълим муассасларига кўрсатмалар киритиш тўғрисида тақдимнома киритилмоқда.

Адлия вазирлиги барча олий таълим муассасаларини ҳамда тизимида таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарларини аҳолини овора қилмасликка, улардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган ҳужжатларни, шу жумладан “айланма варақа”ни қоғоз шаклда тўлдиришни талаб қилмасликка, Фармонда белгиланган талаблар ижросини сўзсиз таъминлашга чақиради. Шунингдек, аҳолидан асоссиз ва ортиқча ҳужжат талаб қилиниши ёки уларнинг оворагарчилигига йўл қўйилиши мансабдор шахслар учун жавобгарликни келтириб чиқариши тўғрисида огоҳлантиради», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2020-2021 йилларда бюрократия ва қоғозбозликни қисқартириш мақсадида аҳоли ва тадбиркорлардан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинди, заруратга кўра ушбу ҳужжат ва маълумотларни давлат органлари томонидан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда олиш амалиёти жорий этилган.