Twitter дунёнинг энг бой одамини судга берди

Британиянинг машҳур «Reuters» ахборот агентлигининг хабар беришича, Twitter компанияси Илон Маскни тармоқни сотиб олишни рад этгани учун судга бермоқчи. Шу сабабли компания тадбиркорни келишувни узил-кесил ёпишга мажбурламоқда.

Twitter раҳбарияти судда Илон Маскдан шахсий манфаатлар туфайли ўз олдидаги мажбуриятларидан воз кечмасликни ва Twitter ижтимоий тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олиш бўйича қилинган келишувни якунига етказиб қўйишини талаб қилган.

  • Маск ўз фикрини ўзгартириши, компанияни барбод қилиши, унинг фаолиятини бузиши, акциядорлар қийматини йўқ қилиши мумкинлигига ишонмоқда,- дейди судда Маскка қарши суд даъвосини айтган мутахассис. Илон Маск тармоқни сотиб олишдан бош тортишини платформадан сохта аккаунтлар ва спам ботларга оид маълумотларни ололмагани билан изоҳлади.

Twitter жамоаси эса унинг бу гапларига қўшилмайди ва миллиардернинг бу хатти-ҳаракатини «иккиюзламачилик» деб атади. Компания сўзларига кўра, Илон Маскнинг бу қарорга келиши «бозор нархлари пасайиши хамда бунинг ҳисобига келишувда белгиланган пул миқдори кам туюлгани ортидан» келиб чиққанини айтиб ўтган.

Кечаги гаплар…

Эслатиб ўтамиз, бугунги суд ҳақидаги гаплар бўлгунгача миллиардернинг Twitter ижтимоий тармоғини сотиб олишдаги нияти анчайин муҳокамагир мавзуга айланиб улгурган эди. Хусусан, унинг бу ижтимоий тармоқни сотиб олиш ҳақидаги ғояси кўпчилик ўртасида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқариши билан бирга, кенг жамоатчилик томонидан кулгига ҳам олинганди.

Сабаб эса миллиардернинг бу ижтимоий тармоқни интернетнинг «сўз эркинлиги майдонига айлантираман», дея айтган сўзлари билан боғлиқ.

Апрель ойидан буён Илон Маск ва Тwitter мавзуси интернетни портлатган бўлса ҳам, Маск Twitter’нинг якка эгаси бўлиш фикридан ҳануз қайтмаганди. Ўшанда бир неча ҳафталаб, у компаниянинг асосий аксиядори мақомини қўлга киритгач, тармоқни сотиб олиш учун аввалига 40 миллиард доллар таклиф қилган.

Кейинроқ эса бошқарувдагилар Илон Маск Twitter’ни ўзларига қарши ишловчи платформага айлантирмаслик учун компанияни сақлаб қолиш йўлларини қидира бошлаган. Бу воқеалар фонида компаниянинг энг катта ҳиссадори Саудия Арабистони шаҳзодаси Ал-Валид ибн Талал Ал Сауд Илон Маск таклиф қилган пуллар Twitter’нинг асл баҳосини акс эттирмаганини ижтимоий тармоқларда баён қилиб, миллиардернинг таклифини рад этган эди. Ал-Валиднинг таклифи расмий рад жавоби сифатида қабул қилинмаса-да, ўша вақтда компания бошқарувидагилар Ал-Валид билан бир хил қарашларга эгалигини билдириб ўтган.

Бу орада эса компания тадбиркорнинг таклифини расмий рад этмаган. Шунга қарамай, ҳалигача якуний қарорга келинмаётганди.

Кейинчалик бўлса Forbes2022 рўйҳатидаги дунёнинг энг бой одами, Tesla ва SpaceX команиялари эгаси, миллиардер Илон Маск Twitter ижтимоий тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олиб, уни ҳам ўз тасарруфига ўтқазгани ҳақида интернет нашрлари бирин-кетин хабар беришни бошлади.

Бу янгиликдан сўнг Маскнинг ўзи тармоқни аввалгиданда яхшироқ ҳолатга, жумладан, янги функцияларни қўшиш, манбалар кодини очиқлаш ҳамда фойдаланувчилар шахсини ҳақиқий ёки сохтасидан ажрата олиш каби хусусиятларга эга платформага айлантирмоқчи эканлиги тўғрисида оммага овоза қилган эди.

Машҳура КАРИМ тайёрлади