Юриш навбати ҳамон русларда: Европа санкцияларига нисбатан Россиядан жавоб реакцияси давом этмоқда

Россия-Украина можаролари фонида Россия Европа давлатлари томонидан қўлланган санкциялар “ҳужуми” остида қолди. Бу аснода, кўплаб брендлар, маҳсулотлар, озиқ-овқат, парфюмерия, техник қурилмалар ишлаб чиқарувчи компаниялар бирин-кетин рус диёрини тарк этди. Воқеалар ривожи руслар учун салбий оқибатлар олиб келаётган бир пайтда Россия ҳам бу ҳолатга жавобан Европани газдан узиб қўйишга қарор қилди ва қилди ҳам. Бир неча давлатлар, жумладан, Германиянинг 60% қисми айни дамда газдан узиб қўйилган. Ва бу “операция” ҳамон давом этмоқда.

Энди эса Россия раҳбари Владимир Путин яна бир “хорижий таъсир остида қолган шахслар фаолиятини назоратга олиш”га доир умумий қонун чиқаргани хабар қилинди. Бу қонун шу йилнинг 1 декабридан кучга кириши айтилмоқда.

Қабул қилинган қонунга кўра, эндиликда ҳар қандай рус ёки хорижий ташкилотлар, шунингдек, жисмоний шахслар, борди-ю улар “чет эл томонидан қўллаб-қувватланса, “чет эл таъсири” остида бўлса ва қуйидагилар билан шуғулланса, хорижий агентлар деб тан олиниши мумкин:

— сиёсий фаолият;

— Россиянинг ҳарбий ва ҳарбий-техник фаолияти соҳасидаги маълумотларини мақсадли тўплаш;

— чексиз одамлар доирасига мўлжалланган хабарлар ва материалларни тарқатиш;

— бундай хабарлар ва материалларни яратишда иштирок этиш;

— шу каби фаолиятларни молиялаштириш.

Қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, “хорижий таъсир” остида бўладиган шахсларга қуйидагилар киради:

— хорижий манбадан, масалан, бошқа давлатдан, унинг органларидан ёки халқаро ташкилотлардан кўмак олган (қўллаб-қувватлашга молиявий, ташкилий, услубий, илмий ва техник ёрдам, шунингдек “бошқа шакллардаги ёрдам” кабилар ҳам киради);

— жумладан, “мажбурлаш, ишонтириш йўли билан”, шунингдек, бошқа йўллар билан таъсир объектига айланган шахслар.

Хорижий манба сифатида эса қуйидагилар киради:

— хорижий давлатлар;

— хорижий давлатларнинг жамоатчилик органлари;

— халқаро ва хорижий ташкилотлар;

— чет эл фуқаролари;

— фуқаролиги бўлмаган шахслар;

— юридик шахс ташкил этмаган хорижий тузилмалар;

— олдинги бандларда кўрсатилган манбалар томонидан ваколат берилган шахслар;

— Россия Федерацияси фуқаролари ва олдинги бандларда кўрсатилган манбалардан пул ёки мол—мулк оладиган, шунингдек бундай маблағларни олишда воситачи бўлган юридик шахслар.

“Хорижий агент” сифатида рўйҳатдан ўтганларга белгиланган чекловлар қуйидагича:

— вояга етмаганларга нисбатан ўқув ва тарбиявий тадбирларни амалга ошириш;

— вояга етмаганлар учун ахборот материалларини ишлаб чиқариш;

— давлат экологик экспертизасини ўтказишда эксперт сифатида иштирок этиш;

— қонунларнинг мустақил экспертизасини ўтказиш;

— комиссия, қўмиталар, маслаҳатчи ва эксперт давлат органларининг аъзоси бўлиш;

— давлат хизматида ишлаш;

— давлат таълим муассасаларида ишлаш;

— давлат сирларига кириш ҳуқуқига эга бўлиш;

— давлат харидларида иштирок этиш;

— давлат ёрдамини олиш;

— сайлов комиссиялари аъзоси бўлиш;

— оммавий тадбирлар ташкилотчиси сифатида ҳаракат қилиш;

— Россиядаги стратегик корхоналарга сармоя киритиш;

— соддалаштирилган солиққа тортиш тизимидан фойдаланиш;

— депутатликка номзодларнинг, сиёсий партияларнинг сайлов фондларига хайрия маблағларини киритиш.

Шунингдек, қуйидаги шахслар ва ташкилотлар “хорижий агент” сифатига рўйҳатдан ўтмайди:

—Россия Федерациясига тегишли жамоатчилик органлари, давлатга тегишли компаниялар, корпорациялар, ҳамда улар таркибига кирувчи шахслар;

— диний ташкилотлар;

— сиёсий партиялар;

— бандликни таъминлаш ассоциациялари, савдо-саноат палаталари.

Расмийлар, шунингдек, хорижий агентларга алоқадор шахсларнинг қўшимча рўйхатини шакллантиришмоқда. Бу хорижий агентликда ишлаган ёки хорижий агентдан пул ва мол-мулк олганларни ўз ичига олиши мумкин.

Машҳура КАРИМ тайёрлади