Хитойнинг тижорат бўйича пойтахти саналадиган Шанҳай провинцияси тўрт кундан буён ҳаво ҳароратининг +40°C dan ошиши оқибатида шаҳарда иккинчи бор фавқулодда ҳолатни эълон қилди, дея хабар беради «Reuters».
Ёз фаслида ҳароратнинг бу даражада кескин ошиб кетиши туфайли Шанҳай кўчаларидаги қурилиш ишлари ҳамда турли хил фаолиятлар чекланган. Чунки 25 миллион аҳолини қамраб олган шаҳар учун бу тарихан ҳам камёб ҳодиса саналади. 77 ёшли фуқаронинг айтишича, Хитойнинг Нанжинг шаҳри шу вақтгача бундай иссиқ об-ҳавонинг гувоҳи бўлмаган экан.
Шанҳайнинг жанубидаги Чжежианг провинцияси бир кун ичида 51 марта — рекорд даражадаги фавқулодда ҳолат сигналини эълон қилди. Маҳаллий ОАВ одамлар иссиқ уриши сабабли касалхоналарга ётқизилгани ва ҳатто ундан ўлганлигини хабар қилишмоқда.
Хитойлик об-ҳаво кузатувчиларининг айтишича, ушбу иссиқ ҳарорат ўтган 30 кун мобайнида узоқ давом этган ва экстремал ҳодиса дея таърифланмоқда. Бу орада, шунингдек, ҳаво совутгичларига бўлган талабнинг ошиши туфайли Хитойнинг етти провинцияси ҳам юда шаҳарларида электр тармоқларидаги юкланиш юқори даражада ўсган, деб айтилмоқда давлат оммавий ахборот воситаларида.
Хитойнинг жануби-ғарбидаги Янжин шаҳрида душанба куни ҳаво ҳарорати 44°C га етди, бу 1959 йилда қайд этилганидан бери энг юқори кўрсаткичдир, дея хабар беради давлат телевидениеси. Миллий иқлим марказининг чоршанба куни берган маълумотида, ўтган ойда ҳароратнинг бу тарзда кескин ошиб кетиши Хитойдаги 1,4 миллиард аҳолининг 900 миллиондан ортиғига ёки мамлакатнинг ярмига ўз таъсирини кўрсатган.
Хенан провинциясида техник хизмат кўрсатувчи ишчилар Хитойнинг марказий қисмидаги транспорт маркази бўлмиш Чженчжоу шаҳридан ўтаётган поездлар устидаги кондиционерларни қуёшнинг тешувчи нурлари остида тозалашди ва текширишди. Улардан бирининг сўзларига кўра, бу ер ниҳоятда иссиқ, худди овқат пиширадиган печга ўхшайди.
— Бизнинг кийимларимиз ҳар куни сув бўлиб кетади. Баъзида ҳатто қуришга ҳам улгурмайди, дея таъкидалаган у..