МИБ: Ҳолатга изоҳ берган ходимнинг интервью ортидаги сўзларини расмий муносабат тарзида,  ўзи билганича талқин қилиш журналист этикасига хос эмас

Жорий йилнинг 14 июль куни Kun.uz расмий сайтида “МИБ яна ўз “репертуарида”. Ундирув ҳокимликка қадалганида қўллар чўнтакка солинади” номли хабар ёритилди. МИБ ушбу мақолага расмий муносабат билдирди.

“Мазкур хабарда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан ундирувчи “Xisorak Beshyogoch” масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) фойдасига 88 млрд. 566 млн. 751 минг сўм компенсация тўлови ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ижроси таъминланмаётгани, шунингдек ҳолатга изоҳ берган марказий аппарат бош инспектори О.Тўрабеков томонидан берилган изоҳдан қониқмаганлиги билдирилган.

Мазкур иши бўйича тўхталсак, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 25.03.2022 йилдаги ижро варақасига асосан, қарздор Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан ундирувчи “Xisorak Beshyogoch” масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) фойдасига 88 млрд. 566 млн. 751 минг сўм компенсация тўлови ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати жорий йилнинг 4 апрель куни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг марказий аппарати бўлим иш юритувига келиб тушган ва ижро иши қўзғатилиб, тарафларга юборилган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига асосан қарздорнинг банкдаги тегишли ҳисоб рақамларига банд солинган.

Шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарори Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ижро учун юборилганлиги аниқланган.

Ҳозирда, ушбу субъектга компенсация тўловларини қоплаш масаласи Тошкент шаҳар ҳудудий кузатув кенгаши томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирда мазкур ижро иши юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда. (Жорий йилда олиб борилган ижро ҳаракатлари даврида, 82 млрд. сўмдан ортиқ 49 та ижро ишлари бўйича компенсация маблағлари ундириб берилган.)

Айтиш жоизки, Kun.uz расмий сайтидаги “МИБ яна ўз “репертуарида”. Ундирув ҳокимликка қадалганида қўллар чўнтакка солинади” номли хабар аслида ҳақиқатга мос эмас, компенсация тўловларини амалга ошириш бўйича қонунда белгиланган ҳаракатлар амалга оширилган ва улар ҳозирда ҳам давом этмоқда.

Ҳолатга изоҳ берган ходимнинг интервью ортидаги сўзларини расмий муносабат тарзида,  ўзи билганича талқин қилиш журналист этикасига хос эмас.

Чунки, интервью ортидаги сўзлар доим ҳам расмий изоҳ бўлмаслиги мумкин.

Зеро, ҳаққонийлик ва холислик журналистлар фаолиятининг асосий қоидаларидир.

Қарорлар ижроси ортида фуқаро ҳамда жамиятлар манфаатлари бор экан, у албатта ижро этилади ва бунда қонунларга таянади, “репертуар”ларга эмас”, дейилади расмий муносабатда.