Афғонистонда вабо касаллиги тарқалди, Ўзбекистонда вазият қандай?

Айни кунларда турли ижтимоий тармоқларда Афғонистоннинг икки вилоятида бир кунда 40 га яқин одам вабодан вафот этганлиги ҳақида хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан юзага келган вазият юзасидан ҳеч қандай расмий хабар берилмаган.

ССВ юқоридаги ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

«Ўзбекистон Республикасида Санитария-эпидемиология хизмати томонидан кенг доирада олиб борилаётган тадбирлар аҳолини санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга йўналтирилган.

Республика бўйича амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши самарали тадбирлар натижасида ўлат, сариқ иситма, вирусли геморрагик иситмалар, парранда гриппи каби карантин ва ўта ҳавфли юқумли касалликлар, жумладан вабо касаллигининг республика ҳудудига четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиб кетишига йўл қўйилмайди.

Республикасида вабо касаллигини тарқалишини ва келиб чиқишини олдини олиш юзасидан қуйидаги чоралар кўрилмоқда:

Касалликларнинг четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида, республика бўйича бугунги кунда давлат чегараларини кесишиш жойларида 54 та санитария – карантин пунктлари (кейинги ўринларда – СКП деб юритилади) фаолият кўрсатиб келмоқда, шулардан 36 таси автомагистрал йўлларида, 11 таси Ҳалқаро аэропортларида, 6 таси темир йўл ва 1 таси дарё портида ташкил этилган

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чегарадан кириб келаётган йўловчиларни тиббий – санитария кўригини яхшилаш мақсадида барча Халқаро аэропортлар ва автомагистрал йўлларда жойлашган йўловчи ўтиш оқими юқори бўлган СКПлар замонавий тепловизорлар ва контактсиз термометр (пирометр)лар билан етарлича таъминланган.

Юқумли касалликлар шифохоналарида, орал-регидратация пунктларида ўткир диареяга чалинган беморларни Соғлиқни Сақлаш Вазирининг амалдаги буйруқлари талаблари асосида вабо касаллиги мавжуд ёки йўқлигини текшириш ташкил этилган.

Касалликнинг мавсумида барча беморлар юзасидан чуқур эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказилмоқда;

Санитария-эпидемиология хизматининг махсус лабораториялари вабо касаллигини ташхисоти бўйича керакли жиҳозлар, реактивлар ва озуқа муҳитлари билан етарли миқдорда таъминланган;

Лаборатория мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган;

Касаллик мавсумида ҳар ҳафта очиқ сув ҳавзаларидан намуналар олиб, вабо чақирувчиларига текширилиши амалга ошириб келинмоқда (НАГ ва АГ вибрионларга);

Касалликка чалинган (гумон қилинган) беморларни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизиш мақсадида шифо-ўринлари захираси ташкил этилган;

Вабо касаллигига чалинган беморларни даволаш ишларини ташкил этиш учун зарур дори воситалари захираси яратилган;

Давлат чегара-божхона постларидаги санитария-карантин пунктлари томонидан касалланиш тарқалган қўшни давлатлардан ташриф буюрадиган фуқароларнинг тиббий назорати кучайтирилди;

Карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар профилактикаси бўйича аҳоли ўртасида санитария – тарғибот ишлари кучайтирилди» — дейди ССВ ўзининг расмий баёнотида.

Дилбар Ражабова тайёрлади