Олимлар қайси ҳашарот юқори «IQ»га эгалигини аниқлашди

Энг меҳнаткаш ҳашарот қайси? Чумоли. Энг фойдалисичи унда? Асалари, албатта. Ҳашаротлар ичида асаларилар нафақат ҳосил ва биохилмахиллик учун фойда олиб келади, балки энг ақлли ва ноёб мавжудотлардан эканлиги билан олимлар томонидан эътироф этилмоқда.

Айни дамда қўлимизда асалариларда онг билимларининг баъзи бир шакллари мавжудлигига маълум бир далиллар бор, — дейди Лондондаги Қиролича Мери Университетининг ҳис ва хулқ-атвор экологияси бўйича профессори Ларс Читтка. Профессор Читтка қарийб 30 йилдан буён асаларилар устида иш олиб боради ва арилардаги сезгирлик ва онгни ўрганишда дунёнинг энг етакчи экспертларидан бири ҳисобланади.

Ўзининг яқинда чоп этган сўнгги «Асаларилар фикри» китобида профессор ариларни асраш, ҳимоя қилиш кераклиги устида баҳс олиб борган. Сабаби сифатида уларга шунчаки қишлоқ хўжалиги учун фойдали бўлган ҳашарот деб эмас, балки онгли мавжудотлардан деб қарашни ва ҳатто инсонларнинг соғ-омонликда яшаши учун ҳам ариларни ҳимоялаш зарурлигини келтириб ўтган.

  • Биз олиб борган тадқиқот ҳамда бошқа лаборатораяларда қилинган амалий ишлар натижалари шуни кўрсатадики, асаларилар ўта юқори интеллектга эга ҳашаротлардан саналади. Яъни улар ҳисоб-китоб қилиши, инсонлар қиёфасини таний олиши, оддий асбоблардан фойдаланишни ва абстракт тушунчаларни ўрганиш қобилиятига эга, дейди профессор Л. Читтка.

Мутахассиснинг таъкидлашича, уларда ҳам ҳис-туйғулар мавжуд. Улар ҳам маълум нарсаларни режалаштира олишади. Шунингдек, арилар кўрган ёки ҳис қилган нарсаларини тасаввур қилишга уста. Мисол учун, қоронғуликда аввалроқ кўрган шакл ёки ҳолатни кейинроқ ҳам таниб олиши мумкин. Устига-устак, «бир хил» ёки «турлича» бўлган абстракт тушунчаларни тушуниш қобилиятига эга.

Мутахассиснинг сўзларига кўра баъзи якка асаларилар бошқаларига қараганда анча дадил, ҳатто ақллироқ ҳам бўлади.

Машҳура КАРИМ тайёрлади