Қашқадарёда чанг бўрони кузатилмоқда

Қашқадарё вилоятининг Бухоро вилояти билан чегарадош туманларида кучли шамол ва чанг бўрони ҳодисалари кузатилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Муборак туманида кучли шамол ортидан чанг тўзон кўтарилиб, кўрувчанлик 200-300 метргача пасайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзгидромет айрим ҳудудларда чанг бўрони кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Шунингдек, 2021 йил 5 ноябрьда АОКАда бўлиб ўтган брифингда «Ўзгидромет» хизмати мамлакатдаги чанг-тўзон ҳодисаларига нима сабаб бўлиши ҳақида маълумот берган эди.

Маълум қилинишича, 4 ноябрда — куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳудудига Қозоғистон вилоятининг жанубий вилоятлари орқали Урал-Волгабўйи ҳудудларидан совуқ қутб антициклони фронт олд қисми кириб келган. Шунингдек, Жанубий Қозоғистоннинг марказий ҳудудида (Чимкент вилояти) шимолий йўналишда кучли шамол кузатилган.

Қозоғистондан кириб келган кучли шамол Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида давом этди. Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятида шамол тезлиги максимал 20-25 метр/секундга етган. Кечга томон Қозоғистон жанубидан эсган кучли шамол Сирдарё вилояти орқали ўз йўналишини ғарбий ва жануби-ғарбий томонга ўзгартирган.

Шу билан бирга, давомли эсган кучли шамол натижасида чўл ландшафтига эга ҳудудларда тупроқ сиртидаги чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилиб, чанг булутини ҳосил қилган. Чанг булути шамол йўналиши бўйича аввал Сирдарё вилоятига, сўнг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосида чанг-бўрон ва ғубор кескин ортиб кетишига сабаб бўлгани айтилган эди. Чанг бўронлари ва ғубор атмосфера ҳавосининг кўриниш даражасини Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 500–1000 метрга, Тошкент шаҳрида эса 200 метргача чегаралаганди.