Сўнгги кунларда бутун дунёда жазирама авжга чиқмоқда. Европада офтоб уришидан одамлар ҳалок бўлаётгани ҳақида юқорида хабар берган эдик. Марказий Осиё мамлакатларида ҳам иссиқ меъёридан ошиб рекордлар янгиланмоқда. Хўш, мана шундай аномал об-ҳавода меҳнат шароити қандай бўлиши керак ва бу борада қандай меъёрлар белгиланган?
Кўплаб давлатлар қонунчилигида ҳаво ҳарорати ташқарида ва офисда неча даражага етганда иш тўхтатилиб, ходимларга жавоб бериб юборилиши, қандай ҳаво ҳароратида иш вақти қисқартирилиши аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган.
Масалан, Беларусда жазирама иссиқ деганда ҳаво ҳарорати максимал 30-34 даража бўлиши тушунилади. Республиканинг меҳнат қонунчилигига кўра, кун бўйи компьютер ёнида ўтирадиган офис ходимлари хона ҳарорати +28,5 даражага етганида бир соат кам ишлаш, ҳатто ҳаво ҳарорати белгиланган меъёрлардан юқори бўлганда ходимлар раҳбарини огоҳлантирмасдан ҳам иш жойини тарк этиш ҳуқуқига эга. Энг қизиғи, нафақат иссиқда, балки совуқда ҳам белгиланган ҳарорат меъёрлардан юқори бўлса, ходимлар белгиланган имтиёзлардан фойдалана олади.
Жумладан, ёзда офис ишчилари учун ҳарорат 28 даражадан юқори бўлмаслиги керак, акс ҳолда иш вақти қисқартирилиши мумкин. Масалан, ёзда офисда ҳарорат 29 даража иссиқ бўлса, иш вақти 5 соатдан ошмаслиги керак. Агар ҳарорат 32,5 даражадан юқори бўлса ва сиз ҳушдан кетиш хавфи туфайли энди ишлай олмайман, деб ҳисобласангиз, ишлашдан бош тортишингиз мумкин.
Худди шу ҳароратда машинасозлик ва металлургия корхоналарининг механизациялашган қуйиш, прокатлаш, темирчилик, термал, пайвандлаш цехларида бир қатор касб вакиллари 5,5 соатдан ортиқ бўлмаган вақт давомида иш жойларида бўлишлари мумкин. Қўлда зарб билан ишлов бериш дўконларида иш олиб борадиган ишчилар, қўлда тўлдирилган машинасозлик ва металлургия корхоналари билан қуйма корхоналарда ишловчилар эса жазирама иссиқда узоғи билан 4 соат ишлашлари кераклиги белгиланган.
Россия Федерацияси Меҳнат кодексининг 212-моддасида иссиқ ҳавода иш стандартлари белгиланган бўлиб, бу меъёрлар иш берувчилардан ходимларга нормал ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашни талаб қилади. Санитария меъёрларига кўра, мавсум ва ходимларнинг жисмоний фаоллигига қараб, +16 даражадан +25 даражагача ҳарорат мақбул ҳисобланади. Агар термометрлар белгиланган чегарадан юқори бўлса, иш берувчида бир қатор мажбуриятлар юзага келади.
Хусусан, аномал иссиқ пайтида иш берувчи иш жойларида кондиционерни таъминлаши, ходимларга ишдан танаффус қилиш ва дам олиш имкониятини яратиши, тушлик вақтини узайтириши, қисқа муддатли ҳақ тўланадиган таътиллар бериши, вазиятга кўра ходимларга уйдан ишлашга рухсат бериши, ишлаб чиқариш фаолиятини қисқартириши керак.
“Саноат бинолари микроиқлимига қўйиладиган гигиеник талаблар” деб номланувчи санитария қоидаларига кўра, ёзда офисда ишлаш учун мақбул ҳавонинг ҳарорати +23-25 даража деб белгиланган. Агар термометр +28 дан +32 даражани кўрсатса, ходимнинг иш куни қисқартирилади. Иш вақти +28,5 даража иссиқда 7 соатдан, +29 даражада 6 соатдан, +30 даражада 4-5 соатдан, +31 даражада 2-3 соатдан, +32 даража иссиқда эса 1-2 соатдан ошмаслиги керак. Агар хонадаги ҳарорат 33 даражадан ошса, қонунчиликка мувофиқ, ишчилар умуман ишламасликка ҳақли. Ҳомиладор аёллар, 40 ёшдан катта ва 25 ёшгача бўлганлар иссиқда ишлашига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда аномал иссиқ кунлар сони йилига меъёрдаги 15-30 кундан 25-40 кунгача кўпайди. 17 июнь куни Навоий чўллари ва Сурхондарё вилояти жанубида ҳаво ҳарорати максимумлари +45 даражага яқинлашди. 18 июль куни шимол, чўл ва жануб ҳудудларида ҳаво ҳарорати максимумлари +44-+45 даражага юқорилади. Водий вилояти маркази – Фарғонада ҳаво ҳарорати қарийиб +43 даражага юқорилади. 29-июнь куни эса Навоий вилоятида ҳаво ҳарорати 47,1 даражагача кўтарилиб, аномал иссиқ кузатилган эди.
Бундай об-ҳавода ишлаш тугул уйдан чиққинг келмайди. Аммо… Бахтга қарши меҳнат кодексимизда ҳам фалон даража иссиқдан сўнг иш тўхтатилади, ҳаво ҳарорати пистон даражага етганда иш вақти қисқартирилади деган банд йўқ.
Амалдаги Меҳнат кодексида “меҳнат шароити” деган умумий тушунча остига айнан ноқулай об-ҳаво билан боғлиқ ҳолатлар умуман киритилмаган, жазирама шароитда ёки ўта совуқ об-ҳавода ишлаш тартиби ҳақида бир оғиз гап йўқ. Фақатгина Санитария қоида ва меъёрларида тавсия бериш билан чекланилган:
“Меҳнат шароитлари бўйича йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар 2003 йил 6 октябрда қабул қилинган №0141-03-сон СанҚваМнинг Иа-ИИИ тоифасида белгилаб қўйилган ҳаво ҳарорати даражасига мувофиқ бўлиши лозим.
Унга кўра, очиқ майдонларда иш ташкил этилганда ҳаво ҳарорати 34,2 °C-36,0 °C дан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланади. Мазкур ҳолатда иш берувчига ходимлар билан келишган ҳолда иш тартибини ўзгартирган ҳолда, иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчириб, ишни ташкил этиши мақсадга мувофиқ бўлади”. Унга кўра, 36 °C – меҳнат учун хавфли меъёр.
Очиқ майдонда ишлашда ҳаво ҳароратини хавфли чегараси 36 даража сифатида белгиланганига қарамай, бу бажариш мажбуриятини юклайдиган Меҳнат кодекси ёки бошқа қонунчилик меъёрлари билан эмас, балки тавсиявий мазмунга эга бўлган Санитария қоида ва меъёрларида акс эттирилиши янада ҳайрон қоларлидир.
Меҳнат кодексининг 219-моддасига кўра, ишчи ўз саломатлиги ёки ҳаётига таҳдид солувчи ишни бажаришдан бош тортишга ҳақли экани белгилаб қўйилган бўлса-да…
+40 даража иссиқда ишлай олмайман, бу соғлиғим учун хавфли, деб бошлиғингизга айтиб кўринг-чи?!.
Фикримизча, халқаро тажрибада бўлгани каби миллий қонунчилигимизда ҳам офисда ва очиқ ҳавода ишловчилар учун ўртача меъёр белгиланиши, ҳаво ҳарорати неча даражага етганда иш вақти неча соатга қисқариши аниқ белгилаб қўйилиши, қайси даражадаги иссиқда ходимлар ишга чиқмаслик ҳуқуқига эга бўлиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилиши керак. Бундан ташқари, жазирама об-ҳаво шароитида иш берувчиларнинг мажбуриятлари ҳам қонун ҳужжатларида аниқ акс эттирилиши, бунга амал қилмаганларга нисбатан жавобгарлик белгиланиши зарур.
Шаҳруза Саъдулло қизи