Абдуқодир Тошқулов қабул жараёнидаги камчиликларни танқид қилди.
21 июль куни вазир Абдуқодир Тошқулов раҳбарлигида марказий аппарат масъуллари, олий ва профессионал таълим муассасалари раҳбарлари, профессионал таълим бошқармалари бошлиқлари иштирокида 2022/2023-ўқув йили учун қабулни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилиш аввалида вазир янги ўқув йилида касбий (ижодий) имтиҳонларни шаффоф ўтказиш бўйича 46 та олий таълим муассасасининг тайёргарлик ҳолатига эътибор қаратиб, ўтган ўқув йилидаги камчиликларни такрорламаслик учун ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбари масъулият билан ёндашиши зарурлигини таъкидлаган.
Бунда ажратилган бино ва аудиториялар сифатли видеоёзув жиҳозлари билан таъминлангани, жамоатчилик назоратининг кучайтирилгани, имтиҳон натижаларини ўз вақтида расмий манбалар орқали эълон қилинишига алоҳида тўхталинган.
Шунингдек, йиғилишда магистратурага қабулни ташкил этиш масалалари кўрилган. Маълум қилинишича, келиб тушган 4332 та аризанинг 1282 таси талаб даражасида эмас, айрим ҳолларда сохта сертификатлар ҳам юкланаётгани айтиб ўтилган.
Магистратурага қабул тугашига оз муддат қолганига қарамай ҳамон аксарият ОТМ томонидан бакалавриат босқичи битирувчилари дипломларини ўз вақтида расмийлаштириш якунламагани танқид қилинган.
Шундан сўнг иккинчи олий таълимга ҳужжатлар қабул қилишнинг бориши, тартиби билан боғлиқ маълумотларни расмий сайтларда эълон қилишдаги сусткашликлар ҳам танқид остига олинган.
Иккинчи олий таълимга қабулни амалга оширадиган барча ОТМ ректорларига юқорида қайд этилган маълумотларни аниқ ва батафсил эълон қилиш борасида кўрсатма берилган.
Вазир йиғилишда, шунингдек, ОТМда энергиятежамкорлиги, тўлов-контракт миқдорларини белгилаш, мурожаатлар билан ишлаш, колл-марказлар фаолиятини тўғри ташкил этиш каби масалаларда ОТМ ректорларининг шахсий масъулиятини ошириш лозимлигини айтган.