Бош прокуратура томонидан муттасадди идоралар билан билан биргаликда Ўзбекистон Сузиш федерациясида соҳага ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши ўрганилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, ўрганиш давомида федерация мансабдор шахслари ва бошқалар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жуда кўп миқдорда жамият манфаатига зарар етказишган.
Хусусан, терма жамоа ҳамда унинг захираси таркибига киритилмаган фуқаро Россия Федерациясининг Волгоград шаҳрида ўтказилган халқаро йиғинга юборилиб, 72 миллион сўм бюджет маблағлари асоссиз ишлатилган.
Шунингдек, 2021 йилнинг октябрь-декабрь ойларида жами 287 нафар спортчи «D» МЧЖга қарашли меҳмонхона хизматидан фойдаланмаган бўлса-да, фойдаланганлик ҳақида электрон ҳисоб-фактураларга сохта ёзувлар киритган ҳолда 1 миллиард сўмлик пул маблағи талон-торож қилинган.
Маълум бўлишича, мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.