Телефонимга синглимдан СМС келди. «Акажон, туғилган кунингиз билан табриклайман. Узоқ умр кўринг», дейилганди унда.
Жаҳлим чиқиб, укамга қўнғироқ қилдим.
– Битта-ю битта синглимиз акажонининг туғилган куни қачонлигини билмас экан, – дедим. – Мени табриклаб, СМС юборибди.
Ёзда туғилганимни етказиб қўй!
Укам бироз сукут сақлаб турди-да, сўнг жавоб берди:
– Менга ҳам СМС юборибди, туғилган кунингиз билан табриклайман, дебди.
– Нима? Сенга ҳам юборибди?.. Нега?
– Тушунмадингизми? – хўрсинди укам. – Аслида мен билан сизнинг эмас, синглимизнинг туғилган куни экан! Биз унутибмиз, ака…
Ҳеч нима дея олмадим. Уятдан юзларим ловулларди.
Биттагина синглим! Онам ўлганида онамнинг калишини юзига босиб, юм-юм йиғлаган синглим…
Анвар Намозов