Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Россия томонидан бошланган кенг кўламли уруш туфайли Украинада 5237 киши ҳалок бўлгани ва 7035 нафар тинч аҳоли жароҳатланганини тасдиқлашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда БМТ ИҲОК маълум қилди.
Комиссарлик маълумоти 24 февралдан 24 июль ярим тунгача бўлган вақтдаги статистикани ўз ичига олган. Қурбонларнинг 348 нафари, жабрланганларнинг 560 нафари болалар экани тасдиқланган.
Июль ойида ташкилот тинч аҳолининг ўлими ёки жароҳати билан боғлиқ 1165 та ҳолатни қайд этган: 285 киши ҳалок бўлган ва 880 киши яраланган.
“Тинч аҳоли вакилларининг ўлими билан боғлиқ рўйхатга олинган ҳолатларнинг аксарияти кенг таъсир доирасига эга бўлган портловчи қуроллардан фойдаланиш, жумладан, оғир артиллерия ва кўплаб ракета тизимларидан ўққа тутилгани, шунингдек, ракета ва ҳаво зарбалари натижасида содир бўлган”, дейилади БМТ ИҲОК.
Уларнинг таъкидлашича, ҳақиқий рақамлар анча юқори, чунки жанглар қизғин давом этаётган айрим жойлардан маълумот олишда кечикиш кузатилмоқда. Бу, хусусан, Мариупоьл (Донецк вилояти), Изюм (Харьков вилояти), Лисичанск, Попасна ва Северодонецк (Луганск вилояти) аҳоли пунктларига тааллуқлидир.