Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида эркак 4 нафар оила аъзоси — турмуш ўртоғи, қайнонаси, қайинсинглиси ва фарзандини пичоқлаганига доир хабарлар тарқалди. ССВ ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълум тақдим этди.
«Жорий йилнинг 21 июль куни соат 21.10 да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига юқоридаги мудҳиш ҳодиса оқибатида жароҳат олган тўрт нафар бемор «Тез ёрдам» машинасида оғир аҳволда олиб келинган.
Ўта тезкорлик билан ўтказилган тиббий текширувлар натижасида биринчи бемор — 1994 йилда туғилган С.Д.га «Кўкрак ва қоринолди девори ўтувчи қўшма кесиб-санчилган яраси. Ўнг ўпка ва ингичка ичак жароҳати. Чап елка кесиб-санчилган кўплаб яралари…» ташхиси қўйилди.
Иккинчи бемор — 1965 йилда туғилган О.Л. «Чап кўкрак қафаси кесиб-санчилган яраси. Чап ўпка жароҳати. Кўкрак ўнг қафаси ўтмас кесиб-санчилган яраси. Пневмогемоторакс. Чап билак ва кафт кўплаб кесиб-санчилган яралари…» ташхиси билан шошилинч равишда жарроҳлик столига ётқизилди.
Учинчи бемор — 1990 йилда туғилган Х.Н. «Қоринолди девори ўтувчи кесиб-санчилган яраси. Жигар чап бўлаги ва ошқозоности бези жароҳати. Ўнг қўлтик соҳаси ўтмас кесиб-санчилган яраси…» диагнози билан операцияга олинди.
Тўртинчи бемор — етти ёшли М.А.да «Кўкрак ва қоринолди девори ўтувчи қўшма кесиб-санчилган яраси. Катта чарви эвентерацияси. Талоқ, ингичка ичак ва диафрагма жароҳати…» аниқланиб, унда болалар бўлимида жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бир пайтнинг ўзида тўртта тиббиёт бригадаси томонидан бажарилди. Амалиётдан сўнг улар реанимация бўлимига ётқизилди. Кечадан эса барчаси хирургия бўлимига олинди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимовнинг маълум қилишича, айни пайтда тўрт нафар беморнинг ҳам аҳволи барқарор. Стабиллашган. Ижобий тарафга ўзгариш бор.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг ҳолатини назоратга олган. Беморларга марказнинг энг малакали мутахассислари томонидан стандарт асосида тегишли тиббий ёрдам кўрсатиляпти», дейилади хабарда.