Маълумки, Нигерияда маймунчечакдан биринчи ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилганди. Эндиликда Европада ҳам маймунчечакдан ўлим ҳолати кузатилди.
Касаллик Испанияда 29 июль куни аниқланган бўлиб, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили марҳум ҳақида маълумот беришдан бош тортган. Испанияда маймунчечакка чалинишнинг 4298 та ҳолати тасдиқланган, 120 нафар бемор касалхонага ётқизилган.
Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Африка қитъасидан ташқарида маймунчечакдан биринчи ўлим кузатилганини хабар берган:
« Марҳум 41 ёшли эркак бўлиб, унинг иммунитетини заифлаштирган лимфома билан касалланган. Бемор реанимация бўлимига олиб келинганидан кейин септик шокдан вафот этди, ёндош касаллик унинг аҳволини янада оғирлаштирган» дейилади хабарда.
Бразилия АҚШ ва Канада билан бирга Америка қитъасида маймунчечак касаллиги ҳолати кўпайган давлатлар қаторига киради. Минтақада 5000 дан ортиқ касалланиш ҳолатлари қайд этилган.
Маймунчечак — кам учрайдиган вирусли касаллик ҳисобланади. Хасталик аломатлари орасида титроқ, чарчоқ, юқори иситма, бош оғриғи ва юздан бошланиб, тананинг қолган қисмига тарқаладиган тери тошмаси, яра киради. Маймунчечакка қарши махсус даволаш усули, шунингдек, унга қарши вакцина ҳам мавжуд эмас.
Маймунчечак, касалланган ҳайвонларнинг қони, сўлаги ёки касал териси, шиллиқ пардалари билан бевосита алоқа қилиш орқали юқишини айтилган. Яна бир омил, бу касал ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, маймунчечак одамдан одамга ҳаво томчилари орқали ёки жинсий йўл билан юқиши мумкин.
Аввалроқ маймунчечак ва ковидга бир вақтда чалиниш ҳолати аниқланганди. АҚШда ҳам болаларнинг маймунчечакка чалиниши кузатилганди.
Дилбар Ражабова тайёрлади