6 ойда 174,0 млрд сўмлик авторақамлар сотилган

2022 йил 6-ойлик якунларига кўра, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 174,0 млрд сўмлик 77 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди.

Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 10% га, ҳажми бўйича – 27% га ўсди, дея хабар беради “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими.

Ўтган даврда тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,2 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 93% жисмоний шахслар, 7% — юридик шахслар томонидан харид қилинган. Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 545,4 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 348,0 млн сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 29% биринчи тоифадаги авторақамлар, 22% – иккинчи, 13% – учинчи, 9% – тўртинчи, 12% – бешинчи ва 15% – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45%), Самарқанд (8%), Бухоро, Фарғона ва Қашқадарё (6% дан) вилоятларида харид қилинган.

Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80% – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20%– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.