Самарқанд шаҳридаги «Намозгоҳ» масжидида 29 июль куни муфтий Нуриддин Холиқназаров одамлар билан суҳбат қурди. Шундан сўнг намозхонлар муфтийнинг дуосини олиш учун йўл ёқасигача тўп-тўп бўлиб борди.
Мусулмонлар идорасининг хабар қилишича, айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари муфтийни зиёрат қилишга келганларни «Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари (Толибон) мухлислари», деб асл вазиятдан одамларни чалғитишга уриниб, ижтимоий тармоқларда турли изоҳлар қолдиришган.
Маълумки, Тошкент шаҳрида 25–26 июль кунлари «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган «Толибон» делегацияси ҳам мазкур жума намозида қатнашган.
Эълон қилинган ижтимоий тармоқ материалларидан яққол намоён бўлмоқдаки, мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазратларини зиёрат қилиш ва у кишининг дуоларини олиб қолишга интилган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган бундай изоҳларни ёзмаслик ва уларни тарқатмасликни илтимос қиламиз.
Аҳоли орасида асоссиз маълумотларни тарқатиш Ислом дини таълимотларига кўра, гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка омил экани мазкур баёнотда алоҳида таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз:
Замонавий Афғонистонни ўрганиш маркази эксперти Андрей Серенко 30 июль куни Telegram каналида Самарқанддаги «Толибон» вакиллари иштирок этган жума намози тўғрисида пост қолдирган эди. У толибларнинг Афғонистоннинг ўзида ҳам бундай мамнуният билан кутиб олинмаслигини ёзган.
Дилбар Ражабова тайёрлади