ОТМга киришда яна бир тоифа абитуриентларга имтиёз берилиши мумкин

Ҳукуматнинг 1978-1989 йилларда Афғонистон ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган фуқаролар фарзандларини квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар беришга оид қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Мазкур низомда белгиланишича, Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 10-5-1-банд билан тўлдирилади.

Яъни «Афғон уруши» қатнашчилари фарзандлари учун бакалавриатнинг кундузги таълим шаклидаги таълим йўналишларига давлат гранти асосида белгиланган умумий қабул квоталарининг икки фоизи миқдорида давлат гранти асосидаги қўшимча қабул квоталари ажратилади.

Ажратилган давлат гранти асосидаги қўшимча икки фоизли квота доирасида Мудофаа вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлган ушбу тоифадаги абитуриентлар тўплаган бали бўйича рўйхатдан ўтишда биринчи сифатида танлаган олий таълим муассасаларининг кундузги таълим шакли бўйича бакалавриат таълим йўналишига талабаликка тавсия этилади.

Ажратилган давлат гранти асосидаги қўшимча (икки фоизли) квота ўринларига қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллари билан ўзлари танлаган бакалавриат таълим йўналишларида умумий тартибда танловда иштирок этадилар.

Маълумот учун, 2022/2023 ўқув йилига қабул жараёнлари ҳолатига Ўзбекистон ОТМларига кириш имтиҳонларида айрим тоифа абитуриентлар учун 43 хил турдаги имтиёзлар берилган.

Жумладан:

Имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш
учун асос бўлувчи имтиёзлар – 15 та;

Имтиҳонсиз базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш
учун асос бўлувчи имтиёзлар – 4 та;

Тегишли фан бўйича имтиҳондан озод этилиб, маълум миқдорда балл беришга асос бўлувчи имтиёзлар – 5 та;
Тўпланган баллга нисбатан қўшимча балл бериш учун асос бўлувчи имтиёзлар – 2 та;
Қўшимча квота доирасида танловда иштирок этиш учун асос бўлувчи имтиёзлар – 13 та;
Қўшимча имтиёзлар – 4 та.