Tошкентда 4 йилга қамалган педофил муддатидан олдин озодликка чиқди

Тошкентда 14 ёшли қиз билан жинсий алоқа қилган жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг дўстлари қамоқдан чиқди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котибига таяниб, Telegram’даги «Nemolchi.uz» лойиҳаси хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳри Миробод туманида 8-синф ўқувчиси билан жинсий алоқа қилгани жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг дўстларига оид суд иши ёпиқ тарзда кўриб чиқилганди. Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, аввал мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган А.Х. Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Шунингдек, Б.Г. ва М.М. ҳам айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Маълумотларга кўра, Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2022 йил 7 майдаги ажрмига кўра, фуқаро А.Х.нинг ўталмай қолган 2 йил 11 ой 27 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 74-моддасига (жазони енгилроғи билан алмаштириш) асосан шу муддатга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Унинг 29 ва 28 ёшли дўстларига тайинланган жазо эса Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг 12 майдаги ажримига мувофиқ ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

«Судланганлардан бири айни дамда тиббиёт марказида регистратор бўлиб ишламоқда, марказда, хусусан, болаларга ҳам тиббий хизмат кўрсатилади», — дейилади хабарда.