«Шерали Жўраев яратган қўшиқлар энди Шерали Жўраевнинг ҳам, унинг болаларининг ҳам мулки эмас!»



«Биринчи муҳаббатим»ни энди айта олмаймизми?

Маданият вазирлиги хабар қилади:

«2022 йил 1 августдан Бобомурод Ҳамдамов, Шерали Жўраев, Абдурауф Олимов асарларидан лицензия шартномаси тузмасдан ҳар қандай шаклда ва усулда фойдаланиш тақиқланади».

 Савол кўп туғилди ишламайдиган калламда:

 1. Авваламбор, Б.Ҳамдамов ва Ш.Жўраевларнинг ўзи бошқаларнинг қўшиқларидан обдон фойдаланишган. Бобомурод бобо айтган қўшиқларнинг 70 % и ҳинд кинофильмларидан бўлса, 15% и ўзидан олдин ўтган ҳофизларнинг қўшиғи. Бу таъқиқ унинг ўзи басталаган қўшиқларига тадбиқ этиладими ёки барча қўшиқларигами?

2. Шер аканинг ўзи ҳам бошқа санъаткорларнинг, устоз ҳофизларнинг қўшиқларини обдон куйлаганлар, улар билан, масалан, Аҳмад Зоҳир билан ҳеч қанақа шартнома тузмасдан унинг ўнлаб қўшиқларини бугунгача ижро қилаяптилар. Бағи қандай бўлади?

 3. Бизнинг гадойтопмас Жаласой деган бир кафтдеккина қишлоғимиздаги бир ҳовучгина одам йиғиладиган тўйда энди «Биринчи муҳаббатим», «Ким экан, бу ким экан», «Гул бир ён чаман бир ён» деган қўшиқлар айтилмасинми? Бу қўшиқларни бизга куйлаб берадиган Суннатилло ўзи биздан неча пул олади-ю, неча пулга бу учта ҳофиз билан шартнома тузади?

 4. Абдурауф Олимов ўзи тирик бў0лганида бунақа қоидаги ўз исми шарифини қўштирмасди, деб ўйлайман, майли, қўшилибди, унинг қўшиқларини куйлаш учун ким билан шартнома қилиш керак энди?

 5. Шерали Жўраевнинг қўшиқларисиз на тўй ўтади, на тадбир. Энди бирор тўй ё тадбирда бирор ҳофиздан Шер аканинг қўшиғини сўрашса, «Узр, шартномам йўқ, айтиб беролмайман», дейдими? Тўй эгасини шартнома қизиқтирадими? Унга сўраган қўшиғини айтиб беришлари учун пул тўлаган-ку?!

 6. Шерали Жўраев ва Бобомурод Ҳамдамовларнинг қўшиқларини миллионлаб ёшлар куйлаши уларнинг ижодий УМРИНИ узайтирмайдими? Бунақа таъқиқдан кейин айнан шу ҳофизларнинг қўшиқлари ҳеч қаерда куйланмай, уларнинг унутилиб кетишларига сабаб бўлмайдими?

 7. Бу қоида агар Шерали Жўраев ва Бобомурод Ҳамдамовга катта фойда келтирадиган бўлса, айтайлик ҳар бири уларнинг қўшиғини куйловчи хонандадан тўғридан-тўғри даромад кела бошласа, Комилжон Отаниёзов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Муроджон Аҳмедов, Таваккал Қодиров, Фахриддин Умаров, Нуриддин Ҳамроқулов, Дадахон Ҳасанов, Орифхон Ҳотамов, Фаттоҳхон Мамадалиевларнинг ҳам фарзандлари шу талаб билан чиқса, ёш авлод бирортасининг қўшиғини айта олмай қолади-ку? Айтмай қўя қолади-ку?! Бу кимга фойда?

 8. Менимча, бу устозларнинг қўшиғини бузғиб айтишга, ўз номидан эълон қилишга таъқиқ қўйиш керак. Аммо уларнинг қўшиқларини уларники эканини айтиб, бузмасдан ижро қилишларига индамаслик керак.

 Масалан, Иброҳим Татлисаснинг қўшиқларини бутун Туркия айтади, эркаги ҳам, аёли ҳам, ёш болалари ҳам. Катта-катта концертларда, телешоуларда ана шу ёшларга Иброҳим Татлисаснинг ўзи ҳам қўшилиб куйлаганини кўрганмиз. Аммо Татлисас бирортасидан аввал бир нима тўлаб, шартнома тузиб қўйишини талаб қилмаган. Ўзи ҳам бошқа санъаткорларнинг яхши қўшиқларини уялмасдан, шартнома тузмасдан ижро этган.

Маданият вазири шу қарорни имзолаган бўлса, демак, яқин орада Озодбек Назарбековнинг қўшиқларини айтиш ҳам мушкул бўлиб қолади. Билмаймамн, кейин тўйларда ҳаваскор қўшиқчилар кимнинг қўшиғини ижро этишар экан…

 Хуллас, маданият вазирлигининг бу қарори менинг суягимга ўтирмади. Тўғри, вазирлик доим ҳам менга ёқадиган қарорлар чиқариш ваколатини олмаган. Аммо мен санъатга бефарқ бўлмаган оддий ўзбек халқининг вакили сифатида ўз эътирозларимни изҳор қилдим.

Эътирозларимни тинглаш, қабул қилиш, қилмаслик «каттакон»ларнинг иши, аммо шахсан мен сўралган жойда Шерали Жўраевнинг қўшиқларини бехижолат айтавераман!

Ҳеч қанақа шартнома тузмасдан!

Мен қўшиғини айтган жойга Шер ака келмайди, бу аниқ!

Ўғиллари ҳам келмайди. Улар энди ижодни қўйиб, «Каримберди ака отамнинг қўшиғини айтиб қўймаяптимикан», деб деб тўйма-тўй мени пойлаб юришмас. Менга ўхшаган ҳаваскор нечта-ю, бир кунда Ўзбекистонда нечта тўй бўлади? Буни Шерали Жўраевнинг болалари тугул бутун бошли Маданият вазирлиги ҳам назорат қила олмайди. Ё уларнинг бошқа иши йўқми энди?

Охирида битта гапни айтаман, агар Шерали Жўраев ва Бобомурод Ҳамдамовлар бу ишни «Биздан кейин қўшиқларимизни болаларимиздан бошқа ҳеч ким айтмасин, болаларимиз учун замин яратиб кетайлик», деб қилишаётган бўлса, айниқса, Шерали Жўраев билиб қўйсин:

 Шерали Жўраев яратган қўшиқлар энди Шерали Жўраевнинг ҳам, унинг болаларининг ҳам мулки эмас!

Бу қўшиқлар – халқнинг мулки!

Шерали Жўраев яратган қўшиқлар – ЎЗбек халқининг дурдона гавҳарлари!

Бу гавҳарлар биров олгани билан камаймайдиган, аксинча, кўпаядиган гавҳарлардир!

Маданият вазирлиги Шерали Жўраев ва Бобомурод Ҳамдамовларга яхшилик қилдик, деб ўйлаётган бўлсалар, катта хато қилибдилар. Бу қарор уларнинг санъати ўлмас санъат бўлишига, замонлар оша яшашига қўйилган тўсиқдир!

Бу қарор пировард натижада ана шу санъаткорларнинг тезроқ халқ ёдидан унутилиб кетишига хизмат қилади!

Каримберди Тўрамурод