“Дунё” ААнинг хабарига кўра, уч нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат эксплуатацияси мақсадида мажбуран ушлаб турилган 10 нафар ватандошларни қутқаришда ёрдам сўраб Олмаотадаги Ўзбекистон Бош консуллигига мурожаат қилган.
Мурожаатчиларнинг айтишича, бир гуруҳ маҳаллий аҳоли уларни ўлдириш билан таҳдид қилиб, уларни хусусий уйда ушлаб, шахсий буюмлари ва мобиль телефонларини олиб қўйган.
Бош консуллик ходимлари Олмаотадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан биргаликда ушбу фуқаролар жойлашган ҳудудга бориб ҳолатни ўрганган, шундан сўнг, уларни Бўстонлиқ туман полиция бўлимига олиб кетган.
Гумонланувчиларга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 389-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистонликлар эса «Родник» жамоатчилик жамғармаси билан ҳамкорликда уч маҳал овқатлантириш шароитига эга хостелга жойлаштирилган. Тергов тадбирларини амалга оширилиб, ўзбекистонликларнинг паспорт ва шахсий буюмлари қайтарилгач, улар 1 август куни автовокзалга Олмаота—Тошкент йўналишидаги рейсга кузатиб қўйилган.
Фуқаролар Ўзбекистонга эсон-омон етиб келган.