Тафаккур вақти: Профессорнинг энг яхши дарси

Апрелнинг сўлим кунлари. Кекса профессор қобилиятли талабаси билан университет хиёбонида сайр қилиб юрган экан. Фалсафий суҳбатга берилиб кетган устоз ва шогирд нарироқда терга ботиб ишлаётган кишига эътибор ҳам беришмабди. Аммо йўлак четидаги дарахт шохига илиб қўйилган оҳорсиз кийимлар ва унинг тагидаги бир жуфт эски ботинкага кўзи тушган талабанинг фикри чалғибди.
Зийрак устоз буни пайқаб, шогирдининг назари тушган томонга қарабди. Улар. шубҳасиз, ўша сарпойчан бўлиб олиб ариқ тозалаётган кишига тегишли эди.

Талаба, ёш йигит эмасми, шўхлиги тутибди. Устозига ўша мардумнинг кийимларини яшириб қўйиб, панада туриб унинг қандай аҳволга тушишини кузатишни таклиф қилибди.

Мийиғида кулиб қўйган профессор бир муддат ўйга чўмибди. Майкачан бўлиб, елкаларини қиздираётган кўкламнинг офтобига ҳам парво қилмай ишлаётган кишига ҳавас билан қараб туриб, шогирдига унда бошқа таклиф борлигини айтибди: “Кўрганингдан ва қилган ишингдан завқ олишни истаяпсан, шундайми? Унда кел бундай қиламиз, биламан, бой одамнинг фарзандисан, ўша ботинка ичига чўнтагингда бор пулни солиб қўй-чи. Кейин четроқда туриб унинг ўзини қандай тутишини кузатамиз. Ишонаманки, сен бундан кўпроқ завқ оласан».

Талаба шундай қилибди, ишга андармон кишига билдирмай унинг пойабзали ичига пул тиқиб қўйиб, профессор иккаласи нари кетишибди.

Бир муддат ўтиб, ишини якунлаган ҳалиги киши дарахт одига келиб кийина бошлабди. Ботинкасини кияман деса ичига нимадир тиқилган. Кўрсаки — ичида бир даста пул!
Ҳеч нарсага тушунмаган шўрлик нима қиларини билмай қолибди. Атрофда ҳеч ким кўринмайди. Нима қилиш керак? Бир муддат ўйланиб турган киши тиз чўкканча кўлини дуога очибди. Мурғак фарзанди хасталаниб қолган, дори-дармон учун пулга муҳтож бўлиб турган бир пайтда кутилмаган жойдан етказгани, шундайин саховатли бандаларни яратгани учун Аллоҳга шукрона айтибди.

Профессор шогирдига қарабди. Унинг кўзларида ёш кўрган устоз шогирд танлашда адашмаганига шукр қилиб, сўрабди:
– Завқландингми?
— Бу менга берган дарсларингизнинг энг яхшиси бўлди, устоз… – дея жавоб берибди кўзидан оқаётган ёшларини яширишга бесамар уринаётган талаба.