Агар Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши урушда ғалаба қозонса, Учинчи жаҳон уруши бошланиши мумкин. Бу ҳақда Украина раҳбари Владимир Зеленский маълум қилди.
Президент 4 августь куни Африка оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат чоғида бу ҳақда гапирган.
«Агар Путин бу урушда ғалаба қозонса, бу Учинчи жаҳон урушининг бошланиши бўлади. Ишончим комилки, дунёдаги буюк автократиялар ҳам шундай қила бошлайди», — деган Зеленский.
У Учинчи жаҳон уруши туфайли бошланиши мумкин бўлган тартибсизликлардан огоҳлантирган ва озиқ-овқат хавфи, энергетика инқирози ҳамда Россия томонидан қўзғатилган уруш фақат бошланиши эканини айтган.
«Мен ишонаманки, Россия бу урушда ғалаба қозонмайди. Эркинликнинг нархи йўқ. Россия эркинликни нефт долларлари билан сотиб олишини кутмасин. Бу бизнинг давлатимиз билан ҳеч қачон содир бўлмайди. Биз охиригача турамиз», — деган Украина президенти.
У урушнинг тугаши дунёнинг Украина атрофида бирлашишига боғлиқлигини қайд этган.
«Россия президентига яна қанча уруш керак? Балки бу етарлидир. У аллақачон ёши ўлғайган. Балки у ўзидан кейин дўзахдан бошқа нима қолдириши, Россия миллати, халқи билан нима бўлишини ўйлаши керакдир. Менимча, диктаторлик билан эмас, балки ҳушёрлик билан ўйлаш керак бўлган нарсалар бор», — дейди Зеленский.