“Ҳисобот учун расмга тушиб кетишади”. Ogoh.uz’га Намангандан мурожаат

Мурожаат

Наманган вилояти Уйчи туманидан Ogoh.uz ахборот-таҳлилий порталига мурожаат келди. Мурожаатчи Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки ёндош вазирликлардан дардига оро киришни сўрамоқда.

“Мен Эргашева Феруза, 42 ёшдаман, Наманган вилояти, Уйчи тумани, Беруний кўчаси, 10 уй, 16 хонадонда истиқомат қиламан. Ҳозирда иккинчи гуруҳ ногирониман. Протез оёқда юраман.

Муаммойим: олдин Кореянинг протез оёқларидан фойдаланардим, ҳозир ҳар қанча Ўзбекистон протезларидан фойдалансам-да, синиб қоляпти, пуллик протезга имкониятим йўқ. Кўп жойларга мурожаат қилдим. Туман, вилоят ҳокимиятларига мурожаат билан чиқдим, мурожаатим эътиборсиз қолдирилди. Ногиронлар жамиятидан ҳам садо бўлмади. Шунинг учун сизларга алоқага чиқяпман”, дея таъкидлайди у.

Балки сўзларим юқори ташкилотларга етиб борар, дея телевидениега келган, бироқ баъзи сабабларга кўра масъуллар билан учраша олмган.

“Мен ўзимни ўзим банд қилиб, яна ўзимга ўхшаган имконияти чекланган 20 нафар аёл-қизларни ҳам иш билан таъминлаганман. Уйчи туман ҳокимига цехимиз учун турар жой биноси ажратиб беришини сўрагандим, бироқ бузишга бериладиган, бир аҳволдаги уйни беришди. Жиҳозлар сўрагандик, улар ҳам бир аҳволда. Доимаий равишда туман ҳокими қабулига бораман, муаммони ҳал қиламиз деб ваъда беришади, биров ҳеч амалий ёрдам бўлмайди. Ҳар сафар келиб бирга суратга тушиб кетишади, ҳисобот учун тушган суратлари билан гўё ёрдам қилгандек кўринишади. Амалда эса ҳеч қандай натижа йўқ. Баъзида юқори қаватдаги уйимга чиқишим қийин бўлади, ўғлим кўтариб чиқади. Сўраштириб кўрдим 50 млнлар атрофида турар экан сифатли протез оёқ, менинг бунга имкониятим йўқ. Рўзғорни ўтказишни ўзи қийин.

Президентимиз томонидан ногиронларга берилаётган субсидиялардан фойдалансак. Сифатли протезлар ва татбиркорлигим учун бино зарур. Илтимос, шу бўйича амалий ёрдам берсангиз”, дея сўзларини якунлайган мурожаатчи.

Ўйлаймизки ушбу мурожаат керакли жойларга етиб боради. Ҳисобот учун расм тушиб юрган амалдорларимиз амалий ёрдам кўрсатишади, зеро барчаси “инсон қадри учун” деган шиорлар бекордан бекорга эл орасига ёйилмади.