Хитой АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи муносабати билан бугун, 5 август куни Қўшма Штатлар билан саккизта ҳамкорлик механизмини вақтинчалик тўхтатиб қўйиши ёки бекор қилишини эълон қилди. Бу ҳақда Хитой ТИВ баёнотида айтилган.
Хитой, хусусан, Қўшма Штатлар билан минтақавий ҳарбий қўмондонлик даражасида мулоқот, Мудофаа вазирлиги вакиллари билан ишчи учрашувлар, Денгиз хавфсизлиги механизми доирасида АҚШ вакиллари билан учрашувлар тўхтатилган.
Шунингдек, Пекин ва Вашингтон ўртасида ҳарбий соҳага алоқадор бўлмаган йўналишда иқлим ўзгариши бўйича музокаралар, гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўйича ҳамкорлик, суд ва адлия соҳасида ҳамкорлик, халқаро жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик ҳамда ноқонуний миграция ва фуқароларнинг репатриациясига қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик музлатилган.
Нэнси Пелоси 2 август куни кечқурун Тайбейнинг Соншан аэропортига етиб келди ва оролда бир кун ҳам бўлмай, 3 август куни қайтиб кетди. Бу АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг 1997 йилдан бери оролга қилган илк сафари бўлди. Пелоси Тайванда орол маъмурияти раҳбари Цай Ингвен билан учрашди.
Бу воқеа АҚШ ва Хитой муносабатларини таранглаштирди. Расмий Пекин Пелоси келишидан олдин Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Ташрифдан кейин эса орол атрофида бир қанча ҳудудларда машғулотларга старт берилди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сиёсатчининг ташрифига кескин норозилик билдирди ва уни қоралади. Унинг сафари “Ягона Хитой” тамойили ва учта Хитой-АҚШ коммюникелари қоидаларини жиддий равишда бузиши урғуланди. Пекин, шунингдек, Вашингтонни Хитойни назорат қилиш учун Тайвандан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, дипломатик департамент мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришига ишонтирди.
Оқ уйнинг фикрича, Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой суверенитетини бузмаган, АҚШ маъмурияти эса “ўзини қўрқитишга йўл қўймаслигига” ишонтирган. Америка расмийлари минтақада кескинликнинг кучайишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидламоқда.
Кремль Пелосининг сафарини минтақадаги кескинликни кучайтирувчи провокация деб атади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков дунёнинг барча давлатлари буни қайд этаётганига эътибор қаратди ва Россиянинг Хитой билан бирдамлигини қайд этди.
Хитой ҳарбийлари Пелоси ташрифидан кейин шай ҳолатга келтирилди. Армия Тайвань атрофидаги бир нечта нуқтада ҳарбий машғулотлар бошлади.