Дарахт турлари ҳамда навлари борасида олиб борилган тадқиқотларга кўра, олдинги хулосаларга қараганда анча фарқли ҳолат кузатилди.
Тадқиқотчилар, бу борада илк марта ишончли илмий текширув олиб борилаётиганини таъкидлашди.
Бугунги кунгача дунё миқёсида 73 минг 300 та дарахт тури мавжудлиги аниқланди, бироқ тадқиқотчилар ҳали кашф этилмаган 9 минг 200 та тур борлигини тахмин қилишмоқда.
Минг афсуслар бўлсинки, нодир дарахт навларининг кўпчилиги тропик ўрмонларда ўсади, ушбу ўрмонлар эса иқлимнинг ёмонлашиши ва ўрмонларнинг йўқолиб кетаётгани туфайли юқори суратда камайиб бормоқда.
Ҳалигача кашф қилинмаган дарахт турлари
140 га яқин тадқиқотчи томонидан олиб борилаётган ушбу таҳлилларнинг хулосаси, дунёда 100 мингдан ортиқ ўрмон ҳудудларида мавжуд бўлган миллионлаб дарахтлар қайд этилган маълумотлардан фойдаланиш орқали юзага келди.
Тадқиқотчилар, инсонларнинг озиқ-овқат, ёқилғи, ёғоч ва дори-дармонга эҳтиёжимиз бўлганидек, айни пайтда иқлимнинг ёмонлашишига қарши курашишимизда бизга кўмак берадиган бу жонли табиатни асраш учун янада кўпроқ ҳаракат қилишимиз лозимлигини айтишмоқда.
Миннесота Университети Ўрмон Ресурслари Бўлимида фаолият олиб борадиган ҳамда ушбу тадқиқотга раҳбарлик қилаётган доктор Петер Ричнинг фикрича, ушбу таҳлиллар ўрмонларнинг хилма-хиллиги масаласи қанчалик даражада нозик нуқтага келиб қолганлигини кўрсатмоқда.
ВВС билан суҳбат қилган Рич “Қўлга киритган маълумотларимиз бизга қайси ҳудудларда ўрмонлар борасида таҳлика юқори эканлигини аниқлашда катта ёрдам беради” дейди ва фикрини давом эттириб:
“Жанубий Америка, Африка, Осиё минтақаларида бизга маълум бўлган дарахт турлари, шунингдек, аввал ҳеч учратмаган нодир навларнинг ҳам борлигини кашф қилдик. Ушбу минтақаларни белгилаб қўйсак, келгусида уларни асраб-авайлаш учун олиб борадиган илмий ишларимизда ёрдам беради”.
Миллий Фанлар Академияси баёнотлари (РNAS) журналида берилган маълумотларга кўра, ҳали кашф қилинмаган дарахт турларининг 100 дан 43 % и Жанубий Америкада. Бу тартиб қуйидаги шаклда давом этади:
- Евросиё минтақаси 22%
- Африка 16%
- Шимолий Америка 15%
- Океания минтақаси 11%
Хилма-хиллиги юқори бўлган ўрмонлар
Дунёда энг фойдали ва самарали ўрмонларнинг хилма-хиллик даражаси бўйича юқори кўрсаткичга эга бўлганларининг кўпи тропик ўлкаларда мавжуд. Фақат бу ўрмонлар бугунги кунда Ғарбий давлатлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, иқлим ўзгариши ҳамда ўрмон ёнғинлари сабабли хавф остида қолмоқда.
Оксфорд Университетидан доктор Ядвиндер Малҳи тропик ўрмонлар ҳавони карбонад ангидриддан тозалаш учун ниҳоятда зарур эканлигини, айни пайтда улар “Биологик хилма-хилликнинг хазинаси” эканлигини таъкидлади.
Малҳи: “Бу тадқиқот бизга тропик ўрмонлардаги дарахт турларининг хилма-хиллиги ўйлаганимиздан ҳам кўпроқлигини кўрсатди” деди.
Дилбар Ражабова тайёрлади