Хитой Ҳукумати Америка Қўшма Штатларининг бошқа давлатлар ички ишларига аралашувига қарши курашиш учун жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Камбоджадаги матбуот анжумани чоғида айтиб ўтди.
Унга кўра, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг сафари Тайвань бўғозидаги тинчлик ва барқарорликни хавф остига қўймоқда.
Вазирнинг таъкидлашича, расмий Пекин ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини “қатъий ҳимоя қилиш” ниятида, шунингдек, Қўшма Штатларнинг “Хитойни назорат қилиш учун Тайвандан фойдаланиш”га уринишларини тўхтатади.
“Агар биз (бошқа давлатларнинг — таҳр.) ички ишларига аралашмаслик тамойилини эътиборсиз қолдирадиган бўлсак, дунё ўрмон қонунига қайтади. АҚШ эса ўзининг бепарво хатти-ҳаракати билан бошқаларни қўрқитишни бошлайди. Биз бунга йўл қўя олмаймиз ва барча давлатлар инсоният цивилизацияси тараққиёти орқага кетишининг олдини олиш учун бирлашиши керак”, дейди Ван И.