Кекса аёлни картон қутига солиб кўчага улоқтирдилар

Инсон қаерда яшашидан қатъий назар ҳамда қайси миллатга мансуб бўлмасин у энг аввало инсондир. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда одамнинг қадри оддий буюмдан ҳам арзонроқ бўлиб қолди. Баъзи “фарзандлар” эса ўзларини дунёга келтирган ота-оналарни ҳеч иккиланмасдан кераксиз матоҳдек кўчага ташлаб кетишмоқда. Ана шундай бадбахтлардан бўлган Мексикалик бир оила кекса оналарини картон қутига солиб кўчага ташлаб кетишди.

Мексиканинг Пуебла шаҳрида оиласи томонидан картон қутига солиб ташлаб кўчага ташлаб кетилган онахонни топишди. Маҳаллий аҳоли тарафидан топиб олинган кекса онахон қутининг ичида адёлга ўраб ташлаб кетилганлиги ва ейиш-ичиш учун ҳечвақоси йўқлиги сабаб оч қолганлиги аниқланди.

Ён-атрофда истиқомат қиладиган маҳаллий аҳоли вазиятни расмий идораларга хабар қилишгач, кекса аёл ижтимоий хизмат кўрсатувчи тегишли жойга топширилди. Онахонни нима сабабдан ташлаб кетилгани ҳозирча аниқ эмас, вазият билан боғлиқ суриштирув ишлари бошланган.

Бу каби ҳолатларнинг тез-тез учраб туриши ва оддий ҳолга айланиб қолаётгани ниҳоятда ачинарли. Минг афсуслар бўлсинки, кексаларга бўлаётган тажовузлар ҳамда уларга қилинадиган ноинсоний муносабатлар ўзимизда ҳам талайгина. Биргина мисол тариқасида Тошкент шаҳрида юз берган воқеани эслаш кифоя. 63 ёшли аёлга невараси тенги йигитнинг шилқимлик қилгани ҳақида хабар тарқалганди. Берилган маълумотга кўра, спиртли ичимлик ичиб олган йигит онахонга тегажоғлик қилмоқчи бўлиб таъқиб қилиб қувиб борган ҳамда ниятига етолмагач, аламидан аямай дўппослаган. Бундан ҳам аянчлироқ яна бир воқеа эса Қашқадарёда юз берганди. 15 ёшли ўсмир ўз отасини пичоқлаб ўлдириб қўйгани юракларни титратадиган машъум воқеа эди. Ўз ота-онасидан воз кечаётган ёки уларни ўлдираётган, кўчаларга кераксиз буюмдек улоқтираётган ёшлар ўзларининг ҳам ҳаётларида худди шундай ҳолат такрорланишидан наҳотки қўрқмаса?!

Аслида кўпчилик фарзандлар инжиқ ва эси паст деб ҳисоблайдиган ёши катта кексаларимиз ёшлардан кўра ҳар соҳада илғорроқ эканликларини дунё статистик маълумотлари ҳам тасдиқлаган. Хусусан, тадқиқотларга кўра, кексалар 25-34 ёш ўртасидаги ёшларга қараганда баъзи жабҳаларда анча олдиндалар:

— Шим дазмоллашни кексаларнинг 84 % и, 25-34 ёшдагиларнинг 51 % и билади;

— Тугма қадашни кексаларнинг 81 % и, ёшларнинг 41% и билади;

— 3 соат неча дақиқадан иборат деган саволнинг жавобини кексаларнинг 57% и, ёшларнинг 33% и билади;

— бирор майдоннинг тахминий ўлчамини кексаларнинг 86% и, ёшларнинг 52% и тўғри топади;

— грамматик қоидаларни кексаларнинг 67% и, ёшларнинг эса 39% и яхши билади;

— қушларнинг номларини кексаларнинг 48% и, ёшларнинг 17% и билади;

Бу каби маълумотларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Ҳаётий тажрибанинг устунлиги ҳамиша кексаларнинг ҳаётимизга қанчалик керакли инсонлар эканлигини исботлайди. Шунинг учун улардан қутулишга шошилиш ўрнига борида кексаларимизни, ота-оналаримизни қадрлайлик. Уларнинг ҳурматини жойига қўйиб эъзозлайлик. Ёши улуғларимизнининг жонларига қасд қилиш тугул уларнинг бир тола сочларининг тўкилишига ҳам йўл қўймайлик. Зеро, “Нимани эксанг, шуни ўрасан”.

Кексаларга бўлган муносабат борасида БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий идораси директори Аланна Армитаж пандемия сабаб жуда кўп кексалар ҳаётдан кўз юмганини таассуф билан таъкидлаб, “Ёши улуғлашаётган Европада биз ўз қобилиятлари, истеъдодлари ва бошқа ҳиссалари билан аҳолининг тўртдан бир қисмини эътибордан чиқариб ташлашимиз мумкин эмас. Кексаларга бошқалар каби бир хил ҳуқуқ ва қадр-қиммат билан муомала қилинишини таъминлаш нафақат ахлоқий шарт, балки ҳамма — ҳам қариялар, ҳам ёшлар учун муваффақият омилидир”, дея таъкидлаган эди.

Дилбар Ражабова тайёрлади