Ўзбекистонда 2022 йилнинг январ-июн ойларида ишсизлик даражаси 8,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоизга камайди. Бу ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, 2022-йилнинг 1-июн ҳолатида меҳнат ресурслари сони 19 453,3 минг кишини ташкил этиб, 2021-йилнинг шу даврига нисбатан 100,8 фоизга ёки 153,7 минг кишига ошган.
Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 773,6 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 фоизга ёки 261,3 минг кишига ошган.
“2022-йилнинг 1-июн ҳолатида расмий секторда банд аҳоли сони 6 074,4 минг кишини ташкил қилиб, 2021-йилнинг шу даврига нисбатан юридик шахсларда банд бўлганлар сони 4,1 фоизга ёки 240,6 минг кишига ошгани кузатилди.
Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 690,3 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 8,2 фоиз ёки 507,5 минг кишига камайган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, хорижий давлатларга ишлаш учун кетганлар 2008,8 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 528,2 минг кишига ошиши норасмий бандларни камайишига сабаб бўлган.
Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 326,6 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 8,8 фоизни ташкил этди. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси 14,5 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса 12,8 фоизни ташкил этган.
2022-йилнинг 1-июл ҳолатида республикамизда иқтисодий нофаол аҳоли 4 353,2 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 фоизга ёки 38,8 минг кишига ортиши кузатилган.