Афғонистонлик 19 ва 22 ёшли Фариба ҳамда Йилдиз Ҳошимий исмли опа-сингиллар 1 йил олдин велосипед ҳайдашни ўрганишган. Улар ўз устида ишлаб карераларини яратаётган бир пайтда ҳукуматга Толибон қайтди.
Улар икки йўлдан бирини танлашлари керак эди: Ё Афғонистонда қолиб орзуларидан воз кечишади ёки юртдан қочиб кетиб ўз хаёлларини ҳақиқатга айлантиришади.
Аслида опа-сингиллар учун Толибон ҳукуматидан олдин ҳам велосипед спорти билан шуғулланишга шароит йўқ эди. Чунки улар давлатнинг шимолидаги кичик туманда истиқомат қилишарди. Аҳоли уларнинг велосипед ҳайдашига салбий муносабат билдирар, таҳдид қилишарди. Фарибанинг айтишича, уларнинг велосипедларини тошбўрон қилишар экан.
Велосипед фобияси
Мактабдаги ўртоқлари ҳам уларга яхши муносабатда эмасдилар.
“Менга лақаб қўйишар, велосипед миниб уларни уятга қолдираётганимни айтишарди” дейди Йилдиз.
Аввалига велосипед ҳайдашларини оилаларидан ҳам яширишган. Кейинчалик маҳаллий ахборот воситаларининг олган суратларидан кўриб хабар топишганди.
“Дастлаб, оиламдагилар велосипед ҳайдашдан воз кечишимни талаб қилишди, лекин мен мақсадимдан қайтмадим” дейди Фариба.
Афғонистондан қочиш
Толибон ўтган йил август ойида ҳукуматга келгач, Фариба ва Йилдиз каби спортчи аёллар хавотирга тушиб қолишди. Чунки Толибон аёлларга спортнинг ҳар қандай тури билан шуғулланишни ман қилди.
Шундан сўнг опа-сингиллар ўзларининг машғулотларини давом эттириш учун давлатни тарк этишни ўйлай бошлашди.
Олдин биргаликда велосипед машқлари билан шуғулланган жаҳон чемпиони Алессандра Жапалетто билан боғланишди.
Жапалеттонинг “Бирдамлик йўли” маркази спорт билан шуғулланаётган аёл спортчиларни қўллаб-қувватларди. Чемпион аёл опа-сингилларнинг ҳаётларини хавф остида деб ўйлаб, уларга ёрдам беришга қарор қилади.
Шу иш бўйича Жапалетто Италия Ташқи ишлар Вазирлиги ва БМТ билан боғланди.
Фариба ва Йилдиз, қолаверса, яна икки-учта спортчи қизларни Италияга жўнаб кетадиган самолётга миндиришга муваффақ бўлди.
Италияда янги ҳаёт
Жапалетто уларни Италиянинг шимолидаги ўзи яшайдиган жойга яқин масофадаги шаҳарчага жойлаштирди. Буер айни пайтда велоспортчилар учун энг қулай ва машҳур маскан ҳисобланади.
Ёш спортчиларганинг Италияга жойлашишларида ёрдам берди ҳамда уларни янги велосипед, мураббий ҳамда мураббия билан таъминлади.
Фариба “Алессандра велосипед қаҳрамони, у бизга кўп ёрдам берди, гўё ўз онамиздек ғамхўр” дейди.
Италияга келгач, опа-сингиллар велосипед спорти ҳақида ҳечқандай билимга эга эмасликларини англаб етишди ва ҳаммасини бошидан бошлашди.
“Ягона мақсадим” — дейди Фариба: “Олимпиадада иштирок этиш, ғалаба қозониш ва Афғон аёлларининг нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйишни истайман. Бизни дунё танишини истаймиз”.
Йилдизнинг исми Афғон Миллий Велосипед Федерацияси томонидан Олимпиада мусобақаси учун қайд этилди.
“Олимпиадаларда Афғонистон мадҳияси куйланишини, байроғимизни кўкларга кўтаришни хоҳлайман. Ота-онам ҳам мени кўришларини, мен билан фахрланишларини истайман” дейди Йилдиз.
Дилбар Ражабова тайёрлади