Трампнинг уйидан «ўта махфий» ҳужжатлар топилди

АҚШда Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимлари мамлакатнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг мулкини тинтув қилиш чоғида 11 та махфий ҳужжатлар тўпламини топди. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» хабар берди.

Ҳужжатларнинг баъзиларида «ўта махфий» белгиси қўйилган ва улар фақат махсус давлат муассасаларида сақлашга мўлжалланган. Федерал хавфсизлик хизмати Трамп томонидан айғоқчилик ва терговга тўсқинлик қилиш тўғрисидаги қонуннинг бузилиши эҳтимоли бўйича текширув ўтказмоқда, бу эса сиёсатчини қамоққа олиш ёки жаримага тортилиши мумкинлигини англатади.

Қидирув ордерига кўра, Трампда ҳукумат сирининг энг юқори даражаларидан бири бўлган «TS/SCI» белгиси ва «Франция президенти ҳақидаги маълумотлар» белгиси бўлган ҳужжатлар топилган.

Сиёсатчи ҳужжатларни йўқ қилишга уриниш, терговга тўсқинлик қилиш ва жосуслик ҳақидаги қонунни бузишда гумон қилинмоқда. Ҳужжатлар АҚШ Адлия вазирлиги талаб қилганидек, 17 август куни кечқурун оммага эълон қилиниши кутилмоқда.

Трампнинг матбуот котиби Тейлор Будовичнинг айтишича, ФҚБнинг ҳаракатлари кераксиз. У АҚШ расмийлари «ҳукуматдан ўзларининг ҳукмрон сиёсий рақибига қарши қурол сифатида фойдаланишга уриниб, ёлғон ва иғволарни тарқатаётганини» айтган.