Чехиянинг Чеб шаҳрида авиация кунида иккинчи жаҳон урушидан қолган Hawker Hurricane Mk.IV. русумли жанговар самолёт, мувозанатини йўқотиб, Подҳрад шаҳридаги бир уйнинг устига қулаб тушди. Бахтсиз ҳодисада учувчи оламдан кўз юмди, 1 киши енгил жароҳатланди.
Воқеа куни кеча маҳаллий вақт билан 15:30 рўй берди.
“Самолётнинг қулаб тушганини ким кўрган бўлса, биз билан алоқага чиқсин”
Карловй Варй шаҳрининг тез тиббий ёрдам хизмати номидан ҳодисага изоҳ берган Радек Ҳес учувчи ўша пайтнинг ўзида вафот этганини, бир киши эса енгил жароҳат олганини, бошқа яраланганлар йўқлигини айтди.
Ички ишлар ходимаси Катрина Пескова эса, “Воқеа юз берган жойда битта вертолёт ва битта дрон билан иш олиб боряпмиз. Бахтсиз ҳодиса ҳақида маълумот тўплаш учун Авиаҳалокатларни текшириш офиси билан биргаликда ишлаяпмиз. Самолётнинг қулаганини кўрган ёки камерасига қайд этганлар бўлса, илтимос, биз билан боғлансин” деди.
Дилбар Ражабова тайёрлади