Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг ноқонуний йўллар билан орттирган ва Швейцария банкларида сақланаётган 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллари Ўзбекистонга қайтарилгач, ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан берилган баёнотда айтилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмий вакилининг Нью-Йоркда ўтган брифингда айтишича, маблағлар Ўзбекистонга бир неча транш шаклида келади.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим қуйидаги принципларга эга:
• очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш,
• ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;
• қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;
• Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши.