Жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини олдини олади

Олимлар ҳаракатланишнинг фойдасига бағишланган энг йирик тадқиқотлардан бирини ўтказишди.
Улар етти йил давомида жисмоний фаоллик, юрак-қон томир касалликлари ва ўлим ҳолатининг умумий даражасига оид маълумотларни тўплашди. Мазкур тадқиқотда турмуш даражаси турлича бўлган 17 мамлакатдан 35-70 ёшдаги 130 мингдан зиёд одам иштирок этди.

Маълум бўлишича, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган одамлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Серҳаракат кишилар юрак хуружи, инсульт ва бошқа юрак-қон томир касалликларига камроқ мойил бўлишади, шунингдек бошқа сабаблар натижасида юзага келувчи ўлим ҳолатлари жиҳатидан ҳам нисбатан паст кўрсаткичларга эга.

Ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини — 28 фоизга, юрак касалликлари эҳтимолини эса 20 фоизга камайтиради.

Яна шуниси муҳимки, жисмоний фаоллик тури аҳамиятсиз. Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Скотт Лир саломатлик учун пул сарфлашга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайди. Ҳар қандай фаоллик — у хоҳ уй ишлари бўлсин, хоҳ жисмоний меҳнат ёки пиёда сайр — эрта ўлим ҳолатлари ва юрак касалликлари хавфини самарали пасайтиради.