Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор тумани прокурори билан бўлиб ўтган мулоқоти, дея айтилаётган аудиосуҳбат турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Бош прокуратура мазкур ҳолатга эътибор қаратиб, аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдириб, аудиоматериал жорий йилнинг феврал ойида ҳокимлик соатида бўлиб ўтган муҳокамадан кесиб олиниб, бошқача талқин қилинаётганини айтмоқда.
«Асл ҳолатда йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор тумани сектор раҳбарларидан туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликларини танқидий муҳокама қилиб, танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам. Мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган», – дейилади ҳокимлик муносабатида.
Ҳокимлик, шунингдек, ушбу аудионинг йиғилиш жараёнидан кесиб олиниб монтаж қилинганини иддао қилади ва ўрганишлар натижасида ҳолат қонунга хилоф деб топилса, «қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишига тайёр» эканлигини маълум қилади.