Россиянинг Ханти-Мансийск-Югра автоном округидан Федерация кенгаши сенатори Эдуард Исаков урушга қарши позицияни эгаллаган тўнғич қизи Дианани омма олдида рад этди.
У қизи ҳақидаги ОАВ материалларига – “Медуза” ва BBC рус хизмати мақолаларига изоҳ берар экан Исаков Дианани “сотқин” деб атаган ва интервью учун пул мукофоти олганини тахмин қилган.
“У махсус ҳарбий операция ўтказилишига, ўз мамлакати сиёсатига қарши позициясини билдирмоқда. Афтидан, у бу оммавий ахборот воситаларидан пул олган, бошқача айтганда, у отасини, оиласини, Ватанини сотиб, Россияни тарк этган. Қизингиз сотқин бўлиб чиқса, сўз топиш қийин”, деган сенатор ўзининг Telegram-каналида.
Исаков шунингдек, Дианани уч ёшидан бери тарбияламаганини қўшимча қилган.
“Унинг Россияга қарши позицияси борлигини билганимдан бери биз алоқа қилмаймиз, мен уни таъминламайман, уй-жой бермайман. Мен ишга боради, катталардек ҳаёт бошлайди, катталар каби фикрлайди деб ўйлагандим. Ва у ўзини сенаторнинг қизи деб таништириб, интервьюсини сотиш орқали пул ишлашга қарор қилди”, деган Эдуард Исаков.
Ўз навбатида, “Медуза” нашри интервьюлар учун пул тўламаслигини, Диана билан ҳам шундай эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси кенгаши аъзоси Эдуард Исаковнинг 25 ёшли қизи Диана Исакова ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Украинадаги урушга қарши эканини билдириб, Россияни тарк этганди. У урушга қарши позициясини билдириш учун мамлакатини тарк этган.
“Мамлакатимиз ҳақида нима деб ўйлаётганимни айта олмайман. 24 февралда уруш бошланди. Мен ўшанда бошдан кечирган ҳис-туйғуларимни етказиш жуда қийин. Бу даҳшатли эди. Қанақасига бундай бўлиши мумкин? Одам одамни ўлдиради ва бу ишни Россия қиляпти, мен буни қиладиган давлатда яшайман. Мен дастлабки икки кун жуда кўп йиғладим, мотам тутдим, гўё кимдир вафот этгандек, қайсидир қариндошимдан айрилгандек”, дейди Диана Исакова BBC билан суҳбатда.