«Анорбанк» ходими мижознинг картасидан 8 млн сўм «ухлатди»

«Анорбанк» АЖ тижорат рақамли банки ходими мижознинг пулларини ўзлаштиргани аниқланди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази.

Маълум қилинишича, 16 август куни ички ишлар органларига 26 ёшли Ж.М. мурожаат қилиб, номаълум сабабларга кўра «Анорбанк» томонидан берилган банк картасидан 8 миллион сўмдан ортиқ пуллари ўғирлганини билдирган. Ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор-техник тадбирлар натижасида ушбу жиноятни «Анорбанк» алоқа марказининг 21 ёшли оператори К.Д. содир этганлиги аниқланиб ушланган. Оператор К.Д. қўнғироқ қилган мижозларнинг мурожаатини таҳлил қилиб боргани, сўнгра Telegram’да гўёки техник ёрдам кўрсатувчи шахс сифатида профиль очиб, банкда муаммо келиб чиққанини важ қилиб, мижознинг шахсига доир маълумотларидан фойдаланган ҳолда банк картаси махфий кодини олган ва маблағларни талон-торож қилган.