Рейтингларда Ўзбекистон: табиий ресусрлари барқарор, аммо яшаш учун қиммат

Дунё бўйича ҳар йили турли йўналишлар бўйича давлатлар рейтинги эълон қилинади. Табиийки бу мамлакатнинг ташқи имиджини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Рўйхатлар кетма-кетлиги тузилишда бир қатор омилларга эътибор қаратилади. Масалан, табиий бойликларнинг қанчалиги, аҳолининг яшаш тарзидан мамнунлиги, коррупсион ҳолатлар даражаси, сўз эркинлиги, фуқароларнинг тўкис ҳаёти таъминланиши, ва бошқалар. Хўш, Янги Ўзбекистон нуфузли ташкилотлар томонидан эълон қилинаётган шу кабиб рейтингларда қайси ўринларни банд қилмоқда?

Бахтли мамлакатлар рейтингида нечанчи ўриндамиз?

“Gallup” томонидан анъанавий равишда эълон қилинадиган “World Happiness Report—2022” рейтингида Ўзбекистон 146 та мамлакат орасида 53-ўринни эгаллади. Бу 2021 йилги кўрсаткичлардан 11 поғона паст. Шунингдек, Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатлар орасида етакчиликни бой берган. Рейтингда бешинчи йил қаторасига Финляндия етакчилик қилмоқда. У энг бахтли давлат деб топилган. Ундан кейинги ўринларни Дания, Исландия, Швейсария, Нидерландия, Люксембург, Швесия, Норвегия, Исроил ва Янги Зеландия эгаллаган.

Шунингдек, «Чегарасиз репортёрлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди.

Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индекси

Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индексининг ўнинчи нашри эълон қилинди. Ўзбекистон ушбу рейтингда 113 та давлат ичида 53,8 балл тўплаб, 78-ўринни эгаллади.Тўпланган балл Ўзбекистонга озиқ-овқат хавфсизлиги ўртача даражада бўлган давлатлар гуруҳида ўз ўрнини сақлаб қолиш имконини берган.

Глобал индекс озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолатини тўртта мезон бўйича текширади: озиқ-овқат мавжудлиги; уларнинг миқдори; сифати ва хавфсизлиги;табиий ресурсларнинг хилма-хиллиги ва уларнинг барқарорлиги.

Ўзбекистон озиқ-овқат мавжудлиги бўйича 49,3 балл билан 81-ўринни, миқдори бўйича 51,3 балл билан 76-ўринни, сифати ва хавфсизлиги бўйича 65,1 балл билан 60-ўринни, табиий ресурсларнинг хилма-хиллиги ва барқарорлиги бўйича 55,4 балл билан 30-ўринни эгаллаган.

Рейтингда биринчи ўринни 84,0 балл билан Ирландия, иккинчи ўринни 81,3 балл билан Австрия, учинчи ўринни 81,0 балл билан Буюк Британия, тўрттинчи ўринни 80,9 балл билан Финляндия ва бешинчи ўринни 80,4 балл билан Швейсария банд қилган.

Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (УНИДО, Австрия) томонидан “Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси – 2022” навбатдаги ҳисоботи эълон қилинди. Ҳисоботда Ўзбекистон 154 та мамлакатлар орасида 0,017 балл билан 89-ўринни эгаллаган ва сўнгги ҳисоботга кўра рейтингда 5 поғонага кўтарилиб, бу индекс методологиясига мувофиқ, саноат ривожланишининг ўрта квинтилига эга мамлакатлар тоифасига ўтиш имкониятини яратади. Мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, индекснинг охирги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 8 та индикаторнинг 6 тасида ижобий ўзгаришларни қайд этган, шу билан бирга 2 та индикаторда пасайган.

Тошкент дунёдаги энг қиммат шаҳарлар рейтингида
“Numbeo” тадқиқот хизмати таҳлилчилари дунёнинг энг йирик шаҳарларида яшаш нархини ҳисоблаб, бу бўйича рейтингни эълон қилди.Тадқиқотчилар рейтингни тузишда уй-жой ижараси, озиқ-овқат ва ресторанлардаги нархларни ҳисоблаб чиққан. Рўйхатдан жами 510 та шаҳар ўрин олган, Бермуд ороллари пойтахти Ҳамилтон эса биринчи ўринни қайд этган.

Ўзбекистондан фақат Тошкент шаҳри рейтингга киритилган бўлиб, у 465-ўринни эгаллаган. Яшаш нархи бўйича Топ 10 шаҳарларидаги аксарият ўринларни Швейсария шаҳарлари эгаллаган. Россия шаҳарлари орасида Санкт-Петербург 279-ўрин, Москва 287-ўрин, Олмаота ва Нурсултон (Қозоғистон) мос равишда 466 ва 475-ўрин, Бишкек (Қирғизистон) 477-ўриндан жой олган.

Худди шу “ Numbeo”нинг жиноятчилик даражаси бўйича мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 142 мамлакат ичида 104-ўринни эгаллаган.

Мамлакат индекси 33,68 ни ташкил қилди.Рейтингга кўра, Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларга қараганда яхшироқ.Жиноятчиликнинг энг юқори даражаси Венесуела, Папуа-Янги Гвинея ва Афғонистонга тўғри келмоқда. Жиноятчилик энг паст даражаси — Қатарда.

Ўзбекистон «Тинчликсеварлик глобал индекси»да юқорилади

“Global Peace Index 2022” рейтингида Ўзбекистон 7 поғонага юқорилаб, 163 давлат орасида 86-ўринни эгаллади. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон «Россия ва Евроосиё» гуруҳида энг катта яхшиланишни кўрсатди – 1,5 фоиз.
Қўшни мамлакатлар орасида Қозоғистон 97-ўринда , Қирғизистон 91-ўринда, Тожикистон 92-ўринда, Туркманистон 104-ўринда жойлашган.Энг тинчликсевар давлатлар деб Исландия, Янги Зеландия ва Ирландия топилди. Индекси энг паст бўлиб турган мамлакатлар: Афғонистон, Яман, Сурия, Россия ва Жанубий Судан.

Халқаро рейтинглардаги яхши натижалар мамлакатнинг инвестисиявий жозиба дорлигини оширади. Соҳаларга фаол инвестисияларнинг кириб келиши эса шубҳасиз мамлакат тараққиётига хизмат қилади. Аммо Рейтингларда қанчалик юқори ўринларда бўлмайлик, муҳими, халқаро ҳамжамият эътироф этаётган ислоҳотлар амалда тўлақонли ўзини намоён этмаса, бари бефойда. Ахир қилинаётган ишлар қандайдир рейтингларда юқори натижаларни эгаллаш учун эмас, аввало, фуқароларимизнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бўлиши керак.

Шаҳруза Сатторова