Ўзбекистонда қайси автомобиль энг кўп ишлаб чиқарилмоқда?

Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь—июль ойларида 162 518 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасидан маълум бўлди. 

Етти ой ичида энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль Cobalt бўлди — 52,9 мингта. Бироқ июль ойида атиги 3,5 мингта Cobalt ишлаб чиқарилган ва бу аввалги ойларга қараганда анча пастроқ. Июнь ойида бу кўрсаткич 10 мингдан ошиқ бўлган эди.

Январь—июль ойларида енгил автомобиль ишлаб чиқариш бўйича Gentra (47,6 минг) иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Damas (39,8 минг) учинчи бўлди.

Бундан ташқари, йил бошидан бери 14 237 та Nexia-3 (ўтган йилга нисбатан 1,4 фоизга камайди), 7 548 та Spark (16,4 фоизга ошди), 39 779 та Damas (17,5 фоизга ошди), 11 008 та махсус енгил автомобиллар (46 фоизга ошди) ва 28 дона Tracker ишлаб чиқарилди.