“НАВҚИРОН ЖУРНАЛИСТЛАР” – ЯНГИ КРЕАТИВ МАЙДОН

Жорий йилнинг 25–27 август кунлари Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан ҳамкорликда “Навқирон журналистлар” номли ёзги медиа оромгоҳ ташкил этилди.


Маълумки, жаҳон медиа маконидаги реал шарт-шароит ва тинимсиз юз бераётган ўзгаришлар миллий журналистикамизда профессионаллашув масаласига алоҳида эътибор қаратилишини тақозо этмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ўз таркибидаги ҳудудий ва марказий телерадиоканаллар ходимларининг медиа саводхонлигини ошириш, савияли контент яратиш, креaтив ғоялар устида ишлаш кўникмасини шакллантириш ҳамда нодавлат нотижорат телерадиоканалларда савияли медиа маҳсулотлар яратиш бўйича ўзаро фикр алмашиш, таклиф ва ғоялар бериш мақсадида бир қанча лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.


“НАВҚИРОН ЖУРНАЛИСТЛАР” (Media camp)ни ўтказиш ОАВ вакилларининг сўлим табиат қўйнида ҳордиқ чиқариб, амалий ва назарий кўникмаларини ривожлантириш, журналистика ва телевидение соҳасига қизиққан ёшларнинг касбий маҳоратини янада оширишга қаратилган.
Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманининг хушманзара тоғли ҳудудида жойлашган Media camp га ЎзММАга аъзо ҳудудий телестанцияларнинг 40 га яқин ижодий ва техник ходимлари жалб этилди. Уч кун давомида ўзбек медиа оламининг малакали ва машҳур вакиллари томонидан тренинг ва амалий машғулотлар, қизиқарли спорт мусобақалари ва мусиқий-кўнгилочар дастурлар бўлиб ўтади. Ўқув дастурларига миллий ва хорижий ОАВ мутахассислари тренер сифатида жалб этилди.


Иштирокчилар мароқли хордиқ чиқариш билан бирга, ўқув жараёнларида ҳам фаол қатнашдилар. Media camp нодавлат телеканаллар тармоғини савияли, халқчил, тезкор ва холис медиа контент билан бойитиш, соҳа мутахассисларининг билим ва тажриба ошириш, фикр алмашиш имкониятини берувчи креатив майдон сифатида хизмат қилди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси «ОVOZA» ахборот-таҳлилий дастури доирасида ҳам ўз таркибидаги ҳудудий телерадиоканаллар билан самарали ҳамкорликни олиб бормоқда. Дастур теле ва аудио форматда тайёрланиб, “Renessans” телеканалида ҳамда ассоциацияга аъзо 10 та нодавлат нотижорат радиоларда (Avtoradio, Vodiy Sadosi, Navro’z, Yoshlar Ovozi, Nơkis FM, Diydor FM, Iqbol FM, Muloqot, Ruxsor FM, Nostalgie) эфирга узатилмоқда. Унда халқимиз ҳаёти, ўй-фикрлари, муаммолари ҳақида, шунингдек, халқаро ҳаётга оид ҳамда турли ижодий лавҳалар тақдим этилмоқда. Ассоциацияга аъзо ҳудудий телерадиоканаллар мухбирлари билан ҳам фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Юртимизнинг турли ҳудудларидан информацион лавҳалар тайёрланиб, эфирга узатилиб келинмоқда.

Бундан ташқари, ЎзММА Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан ҳам кенг доирада ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, «ОVOZA» ахборот-таҳлилий дастури бевосита университет медиа студиясида суръатга олинаётгани ҳам талабалар учун олинган билимларни амалиётда қўллашга имкон яратмоқда.