Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев мигрантларнинг мамлакатда бўлиши янги қонун билан тартибга солинишини айтди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.
У давлат миграция сиёсатини такомиллаштириш бўйича комиссия йиғилишида бу бўйича гапирган. Медведев хорижликларнинг мамлакатга келиши, чиқиши ва бўлиши шартлари тўғрисида янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини таъкидлаган. Сиёсатчи, гап нафақат миграция хизматларини қайта жиҳозлаш, балки 1мавжуд вазиятдан келиб чиққан жиддий таҳдидларни ҳам назорат қилиш» ҳақида бораётганини айтган.
Унинг таъкидлашича, муҳожирларнинг Россияга кириши ва бўлиши масаласи мамлакатдаги «хавфсизлик режимининг ажралмас қисмидир». Янги ҳужжат 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида кўриб чиқилади. Медведев миграция соҳасидаги қатор тизимли муаммоларни ҳал қилиш учун комплекс ёндашув зарурлигини қайд этган.
«Бунинг учун янги талаблар ва реал вазиятни ҳисобга олган ҳолда асбоб-ускуналар ва бошқа моддий ресурсларга ихтисослаштирилган тузилмаларга бўлган эҳтиёжни баҳолаш муҳим», — деган у.
Эслатиб ўтамиз, Медведев мазкур қонун лойиҳасини 2022 йил апрелида эълон қилганди. Бандлардан бирига кўра, ҳужжат Россияга кирувчи хорижликлар ҳақидаги маълумотларнинг ягона реестрини яратишни қўллаб-қувватлайди.