Халқаро валюта жамғармаси менежерининг биринчи ўринбосари Гита Гопинат барча давлатларнинг марказий банклари келгуси беш йил ичида кузатиладиган юқори инфляцияга қарши қаттиқ курашга тайёргарлик кўриши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда у Жексон Хоулдаги иқтисодий симпозиумда айтди. Унинг нутқи матни жамғарма сайтида эълон қилинди.
ХВЖ коронавирус пандемияси ва Украинадаги воқеалар билан боғлиқ инфляциянинг ўсиши дунёнинг барча мамлакатларида камида яна уч йил давом этишига ишонч билдирган.
«Марказий банклар инфляция юқорилигича қолар экан, ўз позициясида қолиши ва қатъий сиёсат олиб боришини тушуниши керак. Агар инфляция кутилмаганда кучли бўлиб чиқса, банклар ҳаракатларини кескинроқ бўлса ҳам янада агрессив тарзда кучайтириши лозим», — дейди Гопинат.
Халқаро валюта жамғармаси вакилининг қўшимча қилишича, жамғарма таҳлилчилари жаҳон инфляциясининг бундай кескин ва тез ўсишига қандай жараёнлар сабаб бўлганини ҳалигача аниқ тушуна олмаяпти. Чунки бу сафар инфляцияси билан боғлиқ жараён шунчалик жиддий бўлиб чиққанки, пул-кредит сиёсатининг асослари ва прогнозлаш моделлари ҳам ишламай қолган.
«Пандемия ва Украина воқеалари ялпи таклифнинг ўзгаришига олиб келиши мумкин, бу унинг ўзгарувчанлигини оширади ва потенциал ишлаб чиқариш ҳамда бандлик прогнозини янада оғирлаштиради», — дейди ХВЖ.
Қайд этилишича, вазият иқлим бўйича Париж келишувини амалга оширишнинг кейинги муддатга қолдирилиши, шунингдек, мамлакатларнинг глобал савдони чеклайдиган ички сиёсат орқали таъминот занжирларининг мустаҳкамлигини оширишга уриниши туфайли мураккаблашиши мумкин.
«Бир йилдан уч йилгача инфляциянинг сезиларли ўсиши Буюк Британия ва АҚШда содир бўлади», — дейди Гопинат.
Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШда йил давомида рецессия эҳтимоли 45 фоизга баҳоланмоқда. Иқтисодчиларнинг деярли 90 фоизи 2022 йил охирига келиб асосий ставка 3,25–3,50 фоиз оралиғида бўлишига ишонмоқда.