Ўзбекистонда солиқ тўловлари икки йилда 55 фоизга ошган

Молия вазирлиги эълон қилган 2022 йилнинг I ярим йиллиги ҳолатига Давлат бюджети даромадларининг ижросига оид маълумотига кўра, бюджет даромадларида асосий улушни ташкил қилувчи солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,7 фоизга, 2020 йилнинг худди шу даврига нисбатан эса 54,9 фоизга ошган.

«Давлат бюджети даромадларининг ЯИМга нисбати жорий йилнинг I ярим йиллигида 24,5 фоизни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 фоиз пунктга ошди. ЯИМга нисбатан улушнинг ошиши, асосан билвосита солиқлардан даромадлар ва солиқ бўлмаган тушумларнинг ўсиши билан изоҳланади», – дейилади маълумотда.

Жумладан, солиқ органлари маъмурчилигидаги тушумлар 2022 йилнинг I ярим йиллигида 71 трлн сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан 9,7 трлн сўм (15,7 фоиз)га ошган.

Хусусан, йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бўйича тушумлар 43,2 трлн сўмни ташкил этган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш – 2,5 трлн сўм ёки 6,2 фоиз).